Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамчибек Ташиев ишдан кетди
Унинг ўрнига Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев лавозимини тарк этди. Мамлакат президенти Садир Жапаров унинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонини имзолади.
Унинг уч ўринбосари – Даниэл Рисалиев, Қурбонбек Авазов ҳамда Элизар Сманов, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасодиқов ҳам лавозимидан озод этилган.
Жапаров бу қарорни «давлат манфаатларини кўзлаб, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида тарқоқликка йўл қўймаслик, аксинча – бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилгани»ни айтди.
Ўз навбатида, Ташиев ўрнига Жумгалбек Шабданбеков Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ҳозирда 55 ёшда бўлган Шабданбеков 2020 йилдан буён мазкур қўмита раиси ўринбосари – қўмитанинг 9-хизмати (Давлат қўриқлаш хизмати) бошлиғи лавозимида ишлаб келган. 2022 йилда унга генерал-майор унвони берилган.
Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланганди.
24.kg нашри Қамчибек Ташиев ва мамлакат президенти Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар ҳар доим мамлакатдаги энг барқарор ва нуфузли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида қаралганини қайд этган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимиятга келишдан анча олдин бошланган: 2010-йиллар бошларида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда сафдош бўлишган, 2012 йилда бир эпизод бўйича судланган, бу эса уларнинг шахсий алоқаларини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябридаги воқеалардан кейин президентликка келган Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари этиб тайинлайди ва у кучишлатар блокнинг муҳим таянчига айланади.
Мамлакатдаги энг шов-шувли ишларни айнан у назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда президент жамоасининг энг яқин ишончли вакили ҳисобланган.
Экспертлар уларнинг иттифоқини мамлакатнинг энг кучли сиёсий дуэти деб атаган ва Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадрлар ўзгаришига ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар кўрсаткичи сифатида қаралган.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбари навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-миш тарқалганди. Қамчибек Ташиевнинг ўзи эса бир неча бор президентлик пойгасида иштирок этиш ниятида эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:17
ЕИ илк бор учинчи давлатлар портларига санкция қўллашни кўриб чиқмоқда
17:38 / 09.02.2026
«Бишкеклик маняк» тергов изолятори камерасида жонсиз ҳолда топилди
21:14 / 04.02.2026
АҚШ узоқ вақт давомида Марказий Осиёга етарлича эътибор бермади – Гор
20:49 / 02.02.2026