Йиғилишда 2030 йилгача 938 минг гектар яйловни ўзлаштириш ва ҳолатини яхшилаш режалари тақдимот қилинди. Хусусан, 2026-2027 йилларда 620 минг гектар яйлов тикланиб, шунинг 300 минг гектарида яйлов ўсимликлари экилади, 130 минг гектарида қудуқлар ўрнатилади. Натижада 960 минг бош майда шохли мол боқиш, гўшт ва жун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконияти яратилади.

Янги ерларни ўзлаштиришда ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ инвестор ва лойиҳа асосида иш ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш учун амалдаги институционал инфратузилмани ўзгартириш вақти келгани қайд этилди. Шу мақсадда соҳадаги 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ҳамда 2,5 мингдан ортиқ олим ва илмий ходимни ягона тузилма – Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштирилиши белгиланган.

Тақдимотда биотехнология ва молекуляр биология, ген инженерияси ва гибрид уруғчилиги, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, космик ва дрон технологиялари, ерлар деградацияси ҳамда соғлом тупроқ, органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария, рақамли қишлоқ хўжалигини академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгилаш таклиф этилди.

Академия фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Қишлоқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозир Тошкент давлат аграр университетида 13,6 минг талаба таълим олаётгани, бироқ ўқув жараёнининг амалиёт билан етарлича боғланмагани сабабли битирувчиларнинг атиги 55 фоизи ўз соҳасида ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни узвий боғлайдиган тизим яратиш, меҳнат бозори талабига мос етук мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланди.

Жумладан, келгусида университет талабаларининг 6,8 минг нафари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, корхоналар ва агрокластерларда, 2,6 мингдан зиёди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 22 та илмий-тадқиқот институтида амалиёт ўтайди.

Шунингдек, фермер ҳамда унинг ходимлари фарзандларининг тест синовларида баллари қабул параметрларига етмаганда, миқдори камайтирилган тўлов-контракт асосида университетга қабул қилиш, еттита таълим йўналиши бўйича ўқиш давомийлигини 4 йилдан 3 йилга қисқартириш таклиф этилди. Талабаларни тракторчи-машинист гувоҳномаси ва агродронлардан фойдаланишга ўқитиш йўлга қўйилади.