Ижтимоий тармоқларнинг, ҳатто жиддий бўлмаган контентларнинг ҳам ҳаётга таъсири шу қадар ошиб кетдики, ҳафта бошида «Манчестер Юнайтед»нинг «Вест Ҳэм»га қарши оддий ўйини миллионларни ўзига жалб қилди. Сабаби – «МЮ» қаторасига беш ўйинда ютмагунича сочини олдирмасликка қасам ичган Франк Айлет исмли бир блогернинг тақдири. Чунки «МЮ» бу ўйингача кетма-кет тўрт ғалабага эришганди.

Энг қизиғи, бу мақолани мен ҳам бешинчи ғалабадан сўнг ёзишни ният қилиб, айнан ушбу блогер мавзуси билан кириш қилишни ўйлаб қўйгандим. Жамоа дуранг ўйнади, челленж давом этадиган бўлди. Аммо матнни барибир ёздим, зеро дебютант мураббийнинг дастлабки 5 ўйинда 13 очко олиши – жуда яхши натижа. Нега энди қандайдир Франк қўйган талаб бу муваффақиятга соя солиши керак?

Қуйида Майкл Каррикнинг Манчестердаги дастлабки ойи, истиқболи ва айнан қандай омиллар ушбу ғалабаларда рол ўйнагани ҳақида фикр юритилади.

Мерос

Ҳар қандай мураббий истеъфоси жамоада салбий фон яратса-да, ўрнига келадиган мутахассис учун қоладиган мерос турлича бўлади. Айтайлик, сўнгги натижалар фонида рўй берган истеъфоларда жамоа ҳам ўйин, ҳам руҳий томондан ҳам инқирозга тушиб қолган бўладики, буни ўнглаш кўпроқ меҳнат талаб қилади. Мағлубиятлар туфайли футболчиларнинг ўзига бўлган ишончига путур етади ва айниқса, каттароқ рақибларга қарши бу ишончни уйғотиш қийинчилик туғдиради. Мисол учун, Сулшер ўрнига Рангник, тен Ҳаг ўрнига Рубен Аморим келганида шундай бўлган – бу мутахассисларда натижа борасида вазиятни ўнглаш имкони бўлмаган.

Алваро Арбелоа ва Лиам Росениор каби янги мураббийларда ҳам вазият ўхшаш – истеъфонинг мазмуни кўпроқ раҳбарият (Алонсода футболчилар) билан зиддиятларга тақалади. Тан олиш керак, «Манчестер Юнайтед»да ҳам, «Реал» ёки «Челси»да ҳам натижалар у қадар ёмон эмасди. «Манчестер Юнайтед» Аморим даврида ҳам Чемпионлар Лигаси зонасида юрган, қатор катта ўйинларда («Ливерпул», «Челси», «Арсенал») жамоа анча ишончли кўринган, хуллас, ўтган мавсумга нисбатан ўсиш яққол кузатилаётганди. Каррикда футболчилардаги ишончсизликни қайта уйғотиш, буни ҳис қилдириш учун қандайдир оламшумул ғоялар тақдим этишга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Кўпчилик ҳозирги вазиятни Оле Гуннар Сулшер Моуринио ўрнига вақтинча мураббий бўлиб келган даврга қиёсламоқда, қисман бу ўхшатишларда ҳам жон бор. Сулшер қабул қилган мерос, биринчидан, ундан олдинги мавсумда 2-ўринни олган жамоа эди, иккинчидан, таркибда Погба, Лукаку, Рэшфорд, Санчес, Марсиял каби ўзига яраша кучли футболчилар бўлган. Каррик нисбатан оддийроқ таркибни қабул қилиб олган бўлса-да, юқорида тилга олинганидек, натижалар у қадар ёмон бўлмаган ва ўсишда бўлган таркиб эди.

Яна бир муҳим жиҳат – Бруно Фернандеш ва Лисандро Мартинес жароҳатдан тўлиқ тикланиши ва Африка Миллатлар кубогида қатнашган Мбемо ва Амад таркибга қайтиши айнан Каррик даврига тўғри келди. Назаримда, Рубен Аморим бош мураббий сифатида қолганида ҳам, бу футболчиларнинг қайтиши қандайдир ижобий эмоционал туртки бериши эҳтимоли юқори эди. Балки «Арсенал» ва «Манчестер Сити»ни бу шаклда ютиш содир бўлмасди, аммо Аморим бошқарувининг сўнгги давридаги муваффақиятсиз натижалар, уларнинг фонида январ ойи трансферлари учун сўровлар раҳбарият билан зиддиятларга замин яратганини унутмаслик керак.