Лойиҳага кўра, фавқулодда вазиятларда аҳоли ва қутқарувчиларга сифатли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизимини шакллантириш, аҳолини руҳий тайёрлаш, қутқарувчиларнинг стрессга бардошлилигини ошириш ҳамда уларнинг психологик ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ҳужжатда 2026 йил 1 декабрга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тиббиёт хизмати негизида Тиббий ва ижтимоий-психологик таъминот хизмати ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Мазкур хизмат фавқулодда вазиятларда тиббий-психологик ёрдам кўрсатувчи тузилмалар фаолиятини республика миқёсида мувофиқлаштириш ва уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Шунингдек, кенг кўламли фавқулодда вазиятларда тиббий психологлар, қутқарувчи-парамедиклар, тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилардан иборат мобил тиббий-психологик ёрдам бригадаларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қарор лойиҳаси доирасида тиббий-психологик ёрдам соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, қутқарувчиларни биринчи ва шошилинч психологик ёрдам кўрсатишга ўқитиш тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. 2027 йил 1 январдан қутқарув хизматига биринчи ва шошилинч психологик ёрдам курсини тугатган фуқароларни қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада қутқарувчиларнинг тиббий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Жумладан, меҳнат шартномаси асосида ишловчи қутқарувчиларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, санаторий-курорт таъминотидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хизмат вақтида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган қутқарувчилар ҳамда уларнинг оилаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланмоқда.












