Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу бўйича жамғарма фаолиятини тартибга солувчи низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, жамғарма махсус иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, модернизация қилиш, бошқарувни такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида молиявий ресурсларни жамлаш ва самарали тақсимлашга хизмат қилади.
Жамғарма маблағлари ер майдонларини ижарага бериш ва онлайн-аукцион савдоларидан тушумлар, хизматлардан олинадиган даромадлар, банк депозитлари ва давлат қимматли қоғозларидан фойда, халқаро молия ташкилотлари грантлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши назарда тутилган.
Ушбу маблағлар МИЗ бош режаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилиш, ахборот тизимларини жорий этиш, дирекциялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий тадбирларни ташкил этиш каби йўналишларга сарфланади.
Низом лойиҳасида стратегик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, молиявий назоратни кучайтириш ва жамғарма фаолияти бўйича очиқ ҳисобот эълон қилиб бориш тартиблари ҳам белгиланмоқда.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб ер ажратилганига қарамасдан белгиланган муддатда қурилиш ишларини бошламаган махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун ер ижараси қийматини ошириш ва зарур ҳолларда фаолият ҳуқуқини бекор қилиш чоралари қўлланиши мумкин.
Ҳужжатда жамғарма фаолиятида шаффофлик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш ҳамда маблағлардан мақсадсиз фойдаланганлик учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
18:39 / 24.02.2026
«Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш» жамғармаси ташкил қилинади
09:25 / 18.02.2026
Ўзбекистонда иқтисодий зоналар ва кластерлар сони маълум қилинди
21:46 / 31.12.2025
Ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш ва таъмирлаш жамғармаси ташкил этилади
08:36 / 27.12.2025