Ўзбекистон | 14:44
1635
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида қушлар хавфига қарши лочинлар жалб этилди

Тошкент халқаро аэропортида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қушлар хавфига қарши махсус тайёрланган овчи лочинлар хизмат қилмоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Маълум қилинишича, замонавий радиолокация ва кузатув технологиялари билан бир қаторда, аэропорт ҳудудида биологик усул — овчи лочинлардан фойдаланиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Уларнинг асосий вазифаси самолётлар учиши ва қўниши вақтида хавф туғдириши мумкин бўлган бошқа қушларни аэродром ҳудудидан ҳайдашдан иборат.

Хусусан, қарғалар, кабутарлар, майналар ва чуғурчуқлар каби қушлар самолёт двигателларига кириб кетиши ёки парвоз траекториясига тушиши орқали жиддий хавф туғдириши мумкин. Лочинлар эса табиий инстинкти ва тезкорлиги орқали ушбу қушларни аэропорт ҳудудидан узоқлаштириб, парвозлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент халқаро аэропортида 4 та шундай “қанотли ходим” мунтазам равишда хизмат олиб бормоқда. Улар махсус мутахассислар назоратида парвариш қилинади ва белгиланган режа асосида аэродром ҳудудида навбатчилик қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай биологик усул қушлар хавфини камайтиришда самарали ва экологик жиҳатдан хавфсиз ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид