Ўзбекистонда ёпиқ Telegram-каналлар орқали болалар иштирокидаги порнографик материаллар тарқатилгани аниқланди. Қўлга олинганлардан бири 3750 та, яна бири 925 та, бошқаси 403 та шундай материалларни тарқатган. Хўш, бундай “контент” харидорлари кимлар?
Жиноятчилар ҳам “ҳазар қиладиган” жиноят
Ўзбекистонда ёпиқ Telegram-каналлар орқали болалар иштирокидаги порнографик материаллар тарқатилгани аниқланди. Гумонланувчилардан бири 925 та, яна бири 403 та, яна бошқаси 3750 та шундай материалларни тарқатган. Улардан бири шунинг ортидан қарийб 30 млн сўм ноқонуний даромад қилган. Бу рақамлар ортида оғир савол турибди: нега бундай материалларга талаб бор ва улар кимлар?
Келинг, оғир бўлса-да бу масала ҳақида бироз ўрганамиз. Халқаро амалиётда “болалар порнографияси” атамаси ўрнига кўпроқ “Child Sexual Abuse Material” (CSAM), яъни болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материаллари атамаси ишлатилади. Чунки бу ерда гап ёпиқ каналларда сотилаётган “контент” ҳақида эмас, балки болаларга қарши содир этилаётган жиноят ҳақида кетмоқда.
Кимлар асосий талабгорлар?
Интерпол ва ECPAT International халқаро ташкилоти томонидан 2018 йилда эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, болаларнинг жинсий эксплуатацияси акс этган видеоларни тарқатиш – интернетда энг тез ўсиб бораётган жиноят турларидан бири. Асосий истеъмолчиларнинг катта қисми – катта ёшли эркаклар бўлиб, кўп ҳолатда улар аввал судланмаган, ижтимоий ҳаётдаги “оддий” одамлар бўлгани учун биз уларни ажрата олмаймиз. Уларнинг талаби даркнет ва мессенжерлардаги ёпиқ каналлар орқали шаклланади.
Тадқиқотда таҳлил қилинган материалларнинг 84 фоизида балоғатга етмаган шахсларнинг очиқ жинсий ҳаракатлари акс этган. Бу жиноятчиларнинг қарийб 93 фоизи эркаклар экани қайд этилган. Бу фотосурат ёки видеолар болаларнинг ишонч доирасига кирувчи шахслар томонидан тарқатилган. Жабрланувчилар орасида қизларнинг улуши каттароқ, аммо ўғил болалар улуши ҳам анчагина.
“Бир қанча сабабларга кўра маълумотлар базасида жабрланувчилар сонини аниқлаш қийинлигича қолмоқда. Кенгроқ айтганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳибсга олинган жиноятчилар сони ёки онлайн тарзда аниқланган материаллар умумий жиноят ҳажмининг жуда кичик қисмини ташкил қилади. Кўпгина жиноятчилар очилмай қолади ва ҳозирда биз билганимиздан кўра кўпроқ аниқланмаган жабрланувчилар борлиги эътироф этилади. Бу жабрланувчиларнинг аксарияти ҳеч қачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмайди”, дейилади ҳисоботда.






