Жамият | 09:52
610
2 дақиқада ўқилади

Telegram’даги “бот” орқали мефедрон сотиш ҳолати фош этилди

Навоий вилояти ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда Telegram орқали гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланган шахслар аниқланди. Ҳолатлар бўйича ашёвий далиллар билан ушлаш ҳолатлари қайд этилди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Telegram мессенжери орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар фуқаро Н.И.га ch. боти орқали “мефедрон” моддасини сотишга келишган.

Маълум қилинишича, харидордан 2 млн сўм пул банк пластик картасига ўтказиб олинган. Шундан сўнг гиёҳвандлик воситаси геолакация бўйича Навоий шаҳри Сунбула кўчасида жойлашган қаровсиз уйга етказиб берилган вақтида гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Telegram’да канал-бот ташкил этган шахслар фуқарога 3,95 грамм гиёҳвандлик воситасини 1,1 млн сўмга сотишга келишгани аниқланган. Гиёҳвандлик воситаси берилган локация — Сергели туманидаги Узумзор 1-тор кўчасида симёғоч тагига яшириб қўйилгани маълум қилинган.

Қўшимча равишда, 0,51 грамм гиёҳвандлик воситаси Яшнобод туманидаги Паркент кўчасида бетон орасига, 0,86 грамм гиёҳвандлик воситаси эса Яшнобод тумани “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида кўп қаватли уйлар орасидаги дарахт тагига яшириб қўйилгани қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси асосида терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид