Париж, Берлин ва Лондон (E3) Яқин Шарқ минтақаси давлатларига қарши Эрон томонидан амалга оширилаётган, пала-партиш ва номутаносиб ракета зарбаларига, жумладан, дастлаб АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга қарши операциясида иштирок этмаган мамлакатларга нисбатан зарбаларга ҳам, норозилик билдирди. Бу ҳақда якшанба, 1 март куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер идораси эълон қилган баёнотда айтилди.
“Эроннинг ҳужумлари яқин иттифоқчиларимизга қарши қаратилган ва бутун минтақадаги ҳарбийларимиз ҳамда тинч аҳоли учун таҳдид солмоқда”, — деб таъкидланган баёнотда. “Биз Эронни бу ҳужумларни дарҳол тўхтатишга чақирамиз”, — дейилади унда.
Баёнот муаллифлари минтақада ўз манфаатларини ва иттифоқчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун қадамлар қўйишга ваъда берди. Хусусан, Эроннинг ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)ни учириш қобилиятини йўқ қилишга қаратилган “зарур ва мутаносиб” мудофаа чоралари ҳақида гап кетмоқда.
Учала давлат ҳам бу масала бўйича АҚШ ва минтақадаги иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
E3 — Буюк Британия, Германия ва Франциянинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги учун яратилган норасмий механизм.
Шу орада, Кир Стармер 1 март кечқурун Буюк Британия АҚШга Эроннинг ракета объектларига зарбалар бериш учун британ ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат беришга рози бўлганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Эроннинг ёндашуви тобора беэътибор тус олмоқда ва Буюк Британия фуқаролари ҳаётига таҳдид соляпти, шу боис АҚШга икки британ базасини ишга солишга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилинган.
“Буюк Британия ёрдам сўраб мурожаат қилган минтақавий иттифоқчиларнинг жамоавий ўзини ўзи ҳимоя қилиши манфаати учун ҳаракат қилмоқда”, — дея билдирди Лондон.
Британия ҳукумати раҳбари, Эрон томонидан нишонга олинган Яқин Шарқ мамлакатларида 200 000 нафар Буюк Британия фуқаролари борлигини аниқлаштирди. The Guardian газетаси Стармер сўзларини келтириб ёзишича, таҳдидни тўхтатишнинг ягона йўли — сақланаётган жойлардаги “ракеталарни”, шунингдек Эрондаги учириш қурилмаларини йўқ қилишдир.
Шу билан бирга, The Cyprus Mail газетаси Кипрдаги Буюк Британиянинг Акротири авиабазаси дрон зарбасига учраганини хабар қилди: “кичик дрон” (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Shahed 136) аэродромга урилган, жабрланувчилар йўқ, “оз миқдорда зарар” етган.













