Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Генерал Кейн: АҚШ Эрон ҳаво ҳудудини назоратга олди
АҚШ Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн Қўшма Штатлар Эрон ҳаво ҳудуди устидан назорат ўрнатганини маълум қилди. Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет эса ҳозирча қуруқликдаги операция режада йўқлигини айтди, бироқ бундай эҳтимолни бутунлай истисно қилмади.
Фото: Getty Imagеs
АҚШ ҳарбий раҳбариятининг баёнотига кўра, мамлакат кучлари Эрон осмонида ҳаво устунлигига эришган. Генерал Дэн Кейн Пентагондаги матбуот анжуманида “ҳавода назорат” нафақат минтақадаги америкалик ҳарбийларнинг ҳимоясини кучайтиришини, балки операцияларни узлуксиз давом эттириш имконини ҳам беришига урғу берди.
“Ҳаво устунлиги кучларимизни ҳимоя қилади ва уларга Эрон ҳудуди устида операцияларни давом эттириш имконини яратади”, — деди у.
Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет журналистлар саволларига жавобан ҳозирги босқичда Эронга қуруқлик қўшинлари киритиш режаси йўқлигини билдирди. Шу билан бирга, у АҚШ принципиал жиҳатдан барча вариантларни очиқ қолдираётганини таъкидлади.
“Президент Доналд Трамп душманларимизга аниқ сигнал юбормоқда: Қўшма Штатлар зарур бўлса, қанча керак бўлса, шунча узоққа боради”, — деди Ҳегсет.
Бироқ у Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий амалиётга ишора қилиб, “200 минг ҳарбий юбориб, 20 йил қолиб кетиш шарт эмас”, дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ замонавий ҳарбий имкониятлар орқали ўз мақсадларига “аҳмоқона хатолар қилмасдан” ҳам эриша олади.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши амалиёти бир неча кундан бери давом этмоқда. Вашингтон Теҳроннинг ядровий дастури ва ракета салоҳиятини йўқ қилишни мақсад қилганини билдирмоқда. Эрон эса жавоб зарбалари беришини айтган ва минтақадаги бир қатор нишонларга ҳужумлар амалга оширган.
Ҳаво устунлиги ҳақидаги баёнот АҚШ операцияси янги босқичга ўтганини англатиши мумкин. Шу билан бирга, расмийлар ҳозирча можарони кенг кўламли қуруқлик урушига айлантириш нияти йўқлигини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
15:26
«Урушни биз бошламадик». АҚШ ва Исроил раҳбарлари урушнинг мақсадлари ва истиқболлари ҳақида нима демоқда?
15:15
Трампнинг эътирози: Британия Эронга зарбалар учун базаларини бермади
13:20
Сайёранинг энг муҳим қонтомири: Хўрмуз бўғозини назорат қилиш Эрон учун қанчалик аҳамиятга эга?
12:59