«Реал» – «Хетафе» 0:1
Гол: Сатриано, 39 (0:1)
«Реал»: Куртуа, Алаба (Карваҳал, 55), Рюдигер, Каррерас, Александр-Арнолд (Ҳаусен, 55), Тшуамени (Диас, 87), Питарч (Родригу, 55), Арда Гулер (Мастантуоно, 69), Винисиус Жуниор, Валверде, Гарсия
«Хетафе»: Сория, Босели, Дуарте, Ромеро, Рико, Иглесиас, Миля, Арамбарри, Сатриано (Абкар, 90+1), Кико Фемения (Лисо, 58), Васкес (Мартин, 69)
Огоҳлантиришлар: Ҳаусен, 68. Тшуамени, 71. Винисиус Жуниор, 90. Каррерас, 90 – Кико Фемения, 8. Арамбарри, 35. Рико, 64. Лисо, 79. Сатриано, 84
Четлатиш: Мастантуоно, 90. Лисо, 90 (иккинчи сариқ)
Испания Суперкубоги учун баҳсда ютқазган ва Испания кубогини эрта тарк этган «Реал» Испания чемпионатидаги вазиятини ҳам оғирлаштирди – жамоа ла лиганинг бу мавсумида илк бор қаторасига икки ўйинда ютқазди. Ўтган турда «Осасуна» майдонидан мағлуб бўлган Алваро Арбелоа шогирдлари уйда «Хетафе»дан ҳам очко ололмади.
Жамоа тўпурари Килиан Мбаппенинг тиззасидаги жароҳат жиддий бўлиб чиқди ва у яна камида бир ой жамоага ёрдам бера олмайди. Арбелоа унинг ўрнига ҳужум марказида Гонсало Гарсияни ўйнатмоқда. Шунингдек, Беллингҳэм ва Камавинганинг жароҳати клубнинг бошқа бир тарбияланувчиси – 18 ёшли Тияго Питарчга асосий таркиб учун йўл очди.
«Реал» илк дақиқалардан тўпга эгалик қилди ва позицион ҳужумлар уюштирди, «Хетафе» чуқур ҳимояланди: меҳмонлар ўз услубидан чекинмасдан, яккакурашларга эътибор қаратди, кўп фол ишлатди ва тўпни шунчаки узоқлаштириш билан шуғулланди. Майдонда ҳар бир тўп учун кураш кечди. 26-дақиқада эса Антонио Рюдигер ва Диего Рико ўртасидаги эпизод мезбонлар сон жиҳатдан озчилик билан якунланиши мумкин эди: «Реал» ҳимоячиси ерда ётган рақиби устига ўзини ташлади ва очиқчасига тиззаси билан унинг жағ қисмига зарба берди. Ҳакам вазиятни эътиборсиз қолдирди.

39-дақиқада эса меҳмонлар кутилмаганда ҳисобни очишди. Шу қишда «Лион»дан ижарага олинган форвард Мартин Сатриано жарима майдони атрофида тўпга эга чиқди ва уни тўхтатмасдан яқин тўққизликка йўллади. Куртуа жойидан қимирлашга улгурмади.

Иккинчи бўлим бошида Арбелоа учталик алмаштириш амалга оширди: Питарч, Алаба ва Трент ўрнига Родриго, Ҳаусен ва Карваҳал туширилди. Мадридликлар кўплаб голли вазиятлар яратишди, аммо меҳмонлар ҳимоячилари ва дарвозабон ишончли ҳаракат қилди. «Хетафе» тўлиқ ҳимояланди ва минимал устунликни ўйин охиригача сақлаб қолди.









