Ўзбекистон | 11:44
899
2 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсида дорилар ва гиёҳванд моддаларнинг йирик партиялари мусодара қилинди

ДХХ Чегара қўшинлари ва Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда божхона органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: ДХХ

Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1983 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашина тўхтатилди. Текширув натижасида транспорт воситасининг салон қисмида 9960 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Иккинчи ҳолатда қўшни давлатдан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини контрабанда йўли билан олиб кириб, Тошкент шаҳридаги жиноий шерикларига етказиб бериш билан шуғулланган Қувасой шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомашина Наманган вилояти Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашина эшикларининг ички қисмига яширилган ҳолда 8000 дона “Зардекс” ҳамда 309 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Боғдод туманида қайд этилган ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинадан 1691 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.

Шунингдек, Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ўзининг 1991 йилда туғилган жиноий шериги воситачилигида 1274 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дорини харидорга 56 млн сўмга сотиш пайтида ушланди.

Маълум қилинишича, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹, 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид