Жаҳон | 10:03
1726
3 дақиқада ўқилади

Трамп Ноэмни ички хавфсизлик вазири лавозимидан бўшатди

АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Миннеаполисда миграция хизматлари ходимлари томонидан Рене Гуд ва Алекс Претти ўлдирилиши атрофидаги можаро сабабли лавозимидан озод этилди.

Фото: Elizabeth Frantz / Reuters

Доналд Трамп маъмуриятида қатъий иммиграция сиёсатига раҳбарлик қилиб келган Кристи Ноэм март ойи охирида АҚШ ички хавфсизлик вазири лавозимини тарк этади. Унинг ўрнига АҚШ президенти Доналд Трамп республикачи ва Конгресс Сенати аъзоси Маркуэйн Маллинни тайинлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Трамп 5 март, пайшанба куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Кристи Ноэмни ишдан бўшатиш ташаббусини Вакиллар палатасидаги демократлар кўтарган, уларнинг талабларига бир неча республикачилар ҳам қўшилган. Мигрантларга нисбатан кескин оммавий танқиди билан танилган Ноэмнинг истеъфоси Миннеаполисда АҚШнинг икки фуқароси — Рене Гуд ва Алекс Претти миграция хизматлари ходимлари томонидан ўлдирилиши атрофидаги можаро туфайли юз берди. Вазир уларни «ички террористлар» деб атаган ва Гуд ҳамда Преттининг ҳалок бўлиш ҳолатлари аниқланганидан кейин ҳам бу сўзлари учун узр сўрашдан бош тортган.

Қўшимча сабаб сифатида қиймати 220 миллион доллар бўлган реклама кампанияси ҳам кўрсатилди. Унда Кристи Ноэм Рашмор тоғи фонида от устида суратга тушган. Конгрессдаги эшитувларда у бу кампания бюджети шахсан Доналд Трамп томонидан маъқулланганини айтган, аммо Трамп Reuters агентлиги билан суҳбатда Ноэмнинг бу сўзларини рад этган.

Truth Social’даги постида Доналд Трамп Кристи Ноэмга ишидаги «таъсирли натижалари» учун миннатдорлик билдирди ва у АҚШ маъмуриятида Ғарбий яримшарда хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланадиган янги тузилмага раҳбарлик қилишини айтди.

Ноэмнинг вориси Маркуэйн Маллин, уни ҳали АҚШ Сенати тасдиқлаши керак, Трампнинг қатъий иммиграция сиёсатини қўллаб-қувватловчилардан бири ҳисобланади. Маллин ўн йилни Вакиллар палатасида ўтказган, 2023 йилда эса Сенатга ўтган. У чегара хавфсизлиги ва АҚШда яшаш учун рухсатномаси бўлмаган мигрантлар жиноятчилигига қарши курашга эътибор қаратади. Шу билан бирга, Reuters қайд этишича, иммиграция сиёсатининг ҳақиқий меъмори Трамп маъмурияти раҳбари ўринбосари Стивен Миллер бўлиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид