Ўзбекистон | 16:18
3048
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир гуруҳ ёшлар ЙТҲ содир этди

Ёш ҳайдовчи Нурафшон–Лабзак чорраҳасида Captiva бошқарувини йўқотиб, устунга урилган. “Машинадан 4 та мактаб боласи тушиб келди, рулдаги бола оқ формада эди”, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири. Аввалроқ мактаб ўқувчиси BMWда ЙПХ ходимини уриб кетганидан кейинги рейдларда республика бўйлаб 7 кун ичида 66 нафар вояга етмаган шахс машина бошқариб юргани аниқланган эди.

Фото: Анвар Назруллоҳ / Facebook

7 март куни Тошкент шаҳрининг Нурафшон ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда жамоатчилик фаоли Анвар Назруллоҳ Facebook саҳифасида хабар берди.

“Мана шу авария шундоққина кўз ўнгимда содир бўлди. Нурафшон кўчадан учиб келган машина Лабзак чорраҳасида ўзини эплолмай устунга урилди. Машинадан эса 4 та мактаб боласи тушиб келди. Рулдаги бола оқ формада эди. Шунча гап-сўз бошқа сайёрада бўлаяпти, булар эса бошқа сайёрада яшайди”, – дея ёзди у.

Аввалроқ хусусий мактаб ўқувчиси BMW автомобилини бошқариб, йўл-патрул ходимининг ўлимига сабаб бўлган, шундан кейин Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати республика бўйлаб кучайтирилган рейдлар ўтказа бошлаганди.

Бу рейдлар давомида 26 февралдан 4 мартгача бўлган даврда 7713 та қўпол йўл қоидабузарлиги аниқланиб, 5300 та машина жарима майдонига қўйилган. Ҳуқуқбузарлар орасида 66 нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид