Ўзбекистон | 11:08 / 04.03.2026
4018
3 дақиқада ўқилади

Йўл безорилигини тарғиб қилувчи аккаунтлар блокланади — Рустам Жўраев

Мактаб ўқувчиси ЙПХ ходимини уриб кетганидан кейин масъуллар интернетда ҳуқуқбузарликлар мониторингини кучайтирди: 6 кун ичида ижтимоий тармоқларда йўл безорилиги акс этган 107 та видео аниқланиб, 66 кишига чора кўрилди, 62 та машина жарима майдонига жойлаштирилди. Кўчалардаги рейдларда эса 6 кунда салкам 6 мингта қўпол қоидабузарлик аниқланиб, машиналарнинг барчаси жарима майдонига қўйилган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

Тошкентда BMW ҳайдаган мактаб ўқувчиси йўл-патрул ходимини уриб кетгани унинг ўлимига сабаб бўлгани ортидан Ўзбекистон бўйлаб кенг кўламли рейдлар ўтказилди. 3 март куни пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев раислигида ўтган йиғилишда шу масала муҳокама қилинди.

Департамент хабарига кўра, 26 феврал куни бошланган оператив-профилактик рейд тадбирларида 3 мартга қадар қуйидаги ишлар амалга оширилган:

  • Ижтимоий тармоқлар ўрганилиб, йўл безорилиги акс этган жами 107 та видеолавҳа аниқланди. Бу видеолар асосида 66 нафар ҳайдовчига нисбатан баённомалар расмийлаштирилди, 62 та автомобил жарима майдонига жойлаштирилди.
  • Кўчалардаги рейдлар давомида 5 919 та қўпол қоидабузарлик аниқланиб, барча транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди. Асосий қоидабузарлик турлари қуйидагилар: пойга – 4 та, бўйсунмаслик – 70 та, тонировка – 116 та, ноқонуний сирена ва маёқчалар – 61 та, давлат рақамисиз бошқариш – 34 та.
  • Ҳуқуқбузарлар орасида 54 нафар вояга етмаган шахс аниқланди.

  • Устахоналарда ўтказилаётган ўрганишлар вақтида тюнинг хизматини кўрсатувчи ташкилотларнинг 68 нафар раҳбари ва уларнинг 79 нафар ходими сўровдан ўтказилиб, 100 нафар автосервис раҳбарлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
  • ЙПХ ва ППХ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ 23 та ҳолат ва ўткир жисмларни олиб юриш билан боғлиқ 262 та ҳолат аниқланди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда пойга ва йўл безорилигини тарғиб қилувчи аккаунтларни фаолиятига чек қўйиш чоралари кўрилмоқда.

“Йиғилишда ижтимоий тармоқлар, мессенджерлар ва YouTube видеохостингида йўл ҳаракати қоидаларини бузишни тарғиб қилувчи видеоматериаллар – хавфли ҳайдовчилик, ноқонуний кўча пойгалари, дрифт ва “шашка” каби ҳаракатлар тарқатилаётгани таъкидланди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, интернет тармоғи доимий равишда мониторинг қилиниши ва бундай видеоларни жойлаштираётган шахслар аниқлаш, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳамда қўпол қоидабузарликларни пиар қилиб намойиш этган аккаунтларни блоклаш белгиланди.

Департамент бошлиғи томонидан авариялар сонини камайтириш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, стационар ва мобиль постлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек блогерлар ва қўпол қоидабузар ҳайдовчилар билан профилактик ишларни фаоллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилиб, тунги рейд тадбирларини кучайтириш, йўл безорилиги учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди”, – дейилади расмий хабарда.

Рейд тадбирлари республика бўйлаб давом этмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид