Ўзбекистон | 19:01 / 02.03.2026
2998
2 дақиқада ўқилади

Форс кўрфази давлатларидаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади

Президент топшириғи билан бош вазир ўтказган йиғилишда экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилган.

Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилади. Ҳукуматдаги манба Kun.uz’га маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёев бу ишни самарали ташкил этиш юзасидан бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берган.

Бугун, 2 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.

Видеоселекторда фуқароларни хавфсиз ва тизимли равишда ватанга олиб келиш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган. Мамлакатдаги барча авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган юртдошларни қайтариш чораларини кўриш топширилган.

Хусусан, Жидда–Тошкент йўналишида репатриация рейсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилди.

Мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Форс кўрфази давлатлари билан амалдаги келишувларнинг ижро ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилган. Қайд этилишича, вазиятдан келиб чиқиб, барча зарур чоралар тезкорлик билан амалга оширилади.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги барча авиакомпанияларга кейинги огоҳлантиришгача зиёратчиларни Умра дастури бўйича Саудия Арабистонига олиб бориш вақтинча тўхтатилган ва 2026 йил 2 мартдан бошлаб фуқароларни ватанга қайтариш учун Uzbekistan Airways Жидда–Тошкент йўналишида махсус репатриация рейсларини амалга ошириш белгиланган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид