4 март куни президент Шавкат Мирзиёев ва Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди. Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.

Президент Ўмон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.
Давлат раҳбари Султонликнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун султонга миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Ўмон султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирди.
Шавкат Мирзиёевнинг БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Томонлар охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этди.
Муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирди.
Ҳозир ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни Ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этди.



















