Жамият | 18:46 / 03.03.2026
27670
2 дақиқада ўқилади

Хайрулла Асадов жаримага тортилиб, юзта китоби мусодара қилинди

Ижтимоий тармоқларда “тирик китоб” сифатида танилган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани учун жаримага тортилди. У 20 минг сўмга харид чеки бермаган ва кунлик савдодан тушган 20 минг сўм пулни онлайн назорат касса машинаси хотирасига киритмаган. Тошкент шаҳар судлари маънавият ва савдо ўртасида фарқ борлигини, китоб маънавият воситаси бўлиши баробарида сотувда у товар ҳисобланишини билдирди.

Кўчада китоб сотиш фаолияти билан шуғулланадиган, кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали “тирик китоб” сифатида танийдиган Хайрулла Асадов маъмурий жазога тортилди. Бунга унинг тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғуллангани сабаб бўлган.

Kun.uz танишган суд қарорида келтирилишича, 2025 йил 23 сентябр куни Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари Хайрулла Асадовга тегишли кўчма савдо нуқтасида текширув ўтказган. Жараёнда у харидорга 20 минг сўмга харид чеки бермагани ва кунлик савдодан тушган 20 минг сўм пулни онлайн назорат касса машинаси хотирасига киритмагани, шунингдек, тегишли ҳужжатларсиз фаолият юритаётгани аниқланган.

Хайрулла Асадов қилмишидан пушаймон эканини, бу каби ҳаракатларни бошқа содир этмаслигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2026 йил 6 январдаги қарори билан Хайрулла Асадов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 1-қисмида назарда тутилган тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилган. Унга БҲМнинг 5 баравари (2 млн 60 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланган.

Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг нархи 1 млн 520 минг сўм бўлган 3 турдаги 100 дона китоби тегишли тартибда мусодара қилинган.

Тошкент шаҳар судлари ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

“Маънавият ва савдо ўртасида фарқ бор. Китоб – маънавият воситаси экани тўғри, бироқ у сотувда товар ҳисобланади, сотувчи эса савдо қоидаларига риоя этиши керак. Бу масаланинг ҳуқуқий томони. Масаланинг ижтимоий-маънавий томонлари ҳам бор, албатта. Бу, иш ҳолатидан келиб чиқиб, юқори суд инстанциясида муҳокама қилиниши мумкин”, дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, қонун суд қароридан норози тарафга шикоят қилиш имкониятини беради. Бунинг учун юқори суд инстанциясига мурожаат этиш лозим.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид