Жаҳон | 14:21 / 10.03.2026
1815
2 дақиқада ўқилади

Россияда вақтинчалик сақлаш марказидаги ўзбекистонликлар билан консуллик учрашуви ўтказилди

Россия Ички ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги Чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида сақлаб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик учрашуви ўтказилди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” ахборот агентлиги хабар беришича, учрашув давомида марказ раҳбарияти дипломатларни муассасада вақтинча ушлаб турилаётган фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар — турар жой, умумий овқатланиш ва маданий ҳордиқ чиқариш хоналари билан таништирди.

Шундан сўнг, марказда сақланаётган ҳамюртлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди. Ватандошлар томонидан озиқ-овқат билан боғлиқ билдирилган эътирозлар марказ раҳбариятига тегишли таклифлар билан етказилди.

Шунингдек, фуқароларга Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятларга аралашмаслик, чет эл давлати ҳарбий хизматига ёлланган тақдирда, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқолгани сабабли ушлаб турилган ва суд қарорига асосан Россиядан депортация қилиниши белгиланган фуқароларга давлат божларидан озод қилинган ҳолда Бош консулхона томонидан Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

Учрашув якунида марказ раҳбарияти билан ҳамкорликда фуқаролар ўртасида тушунтириш-профилактика ишларини давом эттириш ва уларни Ўзбекистонга ўз вақтида юбориш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид