Германия канцлери Фридрих Мерц ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре 13 март, жума куни АҚШнинг Россия нефтига қарши санкцияларни юмшатиш қарорини кескин танқид қилди. Мерц Норвегиянинг Аннёйя оролида ўтказилган музокаралар чоғида шундай деди: “Мен жуда аниқ айтмоқчиман: ҳозир санкцияларни, қандай сабаб бўлишидан қатъи назар, юмшатишни биз нотўғри деб ҳисоблаймиз”.

Германия ҳукумати раҳбари қўшимча қилди: “Афсуски, Россия ҳанузгача музокараларга тайёрлигини намоён этмаяпти. Шунинг учун биз Москвага босимни кучайтиришда давом этамиз”.

Унинг айтишича, бир кун аввал “Катта еттилик” — G7 мамлакатлари етакчиларининг, жумладан АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида видеоконференцияси бўлиб ўтган.

“G7'нинг олти аъзоси бу — керакли сигнал эмас, деган жуда аниқ фикрни билдирди”, — деди канцлер.

Фридрих Мерц таъкидлашича, Вашингтоннинг Россияга қарши санкцияларни юмшатиш қарори ҳақида у фақат 13 март куни эрталаб билган.

“Яна такрорлайман: биз буни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Ҳозир нархлар билан боғлиқ муаммо бор, аммо ҳажмлар билан боғлиқ муаммо йўқ”, — деди Мерц.

Шу билан бирга, у АҚШ маъмурияти айнан қандай сабаблардан келиб чиққанини тушуниб олишни исташини ҳам таъкидлади.

Норвегия бош вазири бу позицияни қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, томонлар Россия Украинага қарши урушни тўхтатмаётгани учун санкциялар муҳим, деган фикрда якдил.

“Россия энергетика соҳасидаги сигналларга энг сезгир. Шунинг учун юмшатишни айнан шу ердан бошлаш мутлақо нотўғри”, — деди у.

Йонас Гар Стёре қўшимча қилишича, Европа аллақачон аниқ сигнал юборган ва Россия энергия ташувчиларига қарамликдан халос бўлган.

Германия иқтисодиёт вазири Катерина Райхе АҚШ санкцияларининг юмшатилишига нисбатан босиқ муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу енгилликлар “ҳажм жиҳатидан ҳам, вақт жиҳатидан ҳам чекланган”. Шунга қарамай, у бу қарор “Путиннинг ҳарбий хазинасини” тўлдириши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Райхе шунингдек, агар энергия таъминотига таҳдид юзага келса, айниқса Форс кўрфази минтақасидан нефт етказиб беришга жуда боғлиқ бўлган Жанубий Корея ва Япониядаги вазиятни ҳисобга олганда, унинг баҳоси ўзгариши мумкинлигини истисно қилмади. Унинг айтишича, Германия ҳозирча бундай муаммога дуч келмаяпти.