Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши ҳамда ифторлик маросимида иштирок этди.

Маросимга ҳудудлардаги студиялар орқали кексалар, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари уланди. Шунингдек, турли миллат ва диний конфессиялар аъзолари, дипломатик корпус намояндалари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Тадбир аввалида давлат раҳбари халқни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор чин қалбдан табриклади. Шу улуғ айём кунларига барчамизни тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтилди.

Рамазон ойи – меҳр-оқибат, эзгулик ва савобли амаллар рамзи. Бугунги кунда давлат ва нодавлат ташкилотлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Мусулмонлар идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, шунингдек, саховатли тадбиркорлар томонидан кекса ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар, кўмакка муҳтож инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Тиббиёт бўлинмалари олис ва чекка ҳудудларга чиқиб, аёллар, болалар ва нуронийларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда, оғир беморларни операция йўли билан даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай хайрли ишлар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва умуммиллий бирлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъматлигини, 38 миллиондан зиёд аҳолимиз ягона халқ, аҳил бир оила бўлиб яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Даврада Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашаётгани муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларига, мамлакатимизнинг очиқлик сиёсатига ҳурмат ифодаси сифатида баҳоланди.

Бу кун халқимиз учун яна бир тарихий воқеа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими ўтказилаётган кун экани алоҳида таъкидланди.

– Не-не аждодларимизнинг орзу-ниятлари, армонлари рўёбга чиққан мана шундай унутилмас кун билан, чинакам илм-маърифат байрами билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданиятининг, Янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва буюк мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! – деди Президент.