Тайван атрофида ҳарбий фаоллик яна кучайди: якшанба куни ХХРнинг 26 та ҳарбий самолёти ва 7 та ҳарбий кемаси Тайван иқтисодий зонасига кирган, уларнинг 16 таси бевосита хавфсизлик зонасида қайд этилган. Бу ҳодиса Тайван парламентининг АҚШдан яна қурол-яроғ сотиб олиш қарорлари фонида юз берди.

Мавзу юзасидан Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шарҳи.

Ҳикматулла Казакбаев: 16 март куни Хитойнинг 26 та ҳарбий самолёти ва 7 та ҳарбий кемаси Тайваннинг иқтисодий зонасига кирган. Шу самолётларнинг 16 таси тўғридан тўғри Тайван ҳаво ҳудудига ҳам кириб борган. Бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда тез-тез кузатилмоқда. Масалан, охирги марта 6 март куни шунга ўхшаш воқеа қайд этилган эди. Ундан аввал эса 27 феврал куни ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Бунинг сабаби, 12 март куни Тайван парламенти АҚШдан 9 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиб олиш бўйича келишувни маъқуллади. Яъни ҳукуматга АҚШдан катта миқдорда ҳарбий техника харид қилиш учун рухсат берилди. Ушбу пакет таркибида асосан HIMARS ракета тизимлари ва танкка қарши Javeline ракеталари бор.

Бундан ташқари, 16 март куни Тайван парламентида яна қўшимча 14 миллиард долларлик АҚШ қурол-яроғларини сотиб олиш масаласи муҳокамага қўйилди. Бу – Тайваннинг ҳарбий салоҳиятини сезиларли даражада оширишга қаратилган қадам сифатида кўрилмоқда.

Хитой одатда Тайванда юз берадиган бундай сиёсий ёки ҳарбий қарорларга ўзининг ҳарбий фаоллиги билан жавоб қайтаради. Масалан, Тайванга АҚШ вакиллари ташриф буюрса, Тайван бошқа давлатлар билан ҳарбий ёки иқтисодий келишувлар тузса, ёки оролда сайловлар ўтказилса, Пекин кўпинча ҳарбий машғулотлар ёки куч намойиши орқали реакциясини билдиради.

Ҳозирги вазиятда яна бир муҳим омил бор. Маълумки, АҚШнинг Еттинчи флоти асосан Жануби-Шарқий Осиё минтақасида жойлашган. Бироқ Эрон билан боғлиқ можаролар сабаб ушбу флотнинг айрим қисмлари ҳозирда Яқин Шарққа кўчирилган. Бу эса маълум даражада АҚШ эътиборининг ҳозирча бошқа минтақага қаратилганини англатади. Шундай шароитда, Хитой ҳам ўз ҳарбий салоҳиятини намойиш қилишга ҳаракат қилмоқда.

Бундан ташқари, бундай парвозлар ва ҳарбий ҳаракатлар яна бир мақсадга ҳам хизмат қилиши мумкин – Тайваннинг радар ва кузатув тизимларини текшириш. Чунки Хитой самолётлари ёки кемалари киргани ҳақидаги маълумотлар асосан Тайван радар тизимлари орқали аниқланади. Шу билан бирга, Хитой ҳозир бешинчи авлод қирувчи самолёти – G-20'ни такомиллаштириш устида ишламоқда. Бундай учишлар ушбу технологияларни синовдан ўтказиш учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.