Сенат маъқуллаган қонун билан, Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятига рухсат берилиши кутилмоқда. Исломий банк – кўпчилигимиз учун янги тушунча. Хўш, унинг анъанавий банклар билан ўхшашлиги ва фарқли томонлари нимада? Kun.uz бу савол билан банк-молия соҳасида узоқ йиллик тажриба эга мутахассис Жаҳонгир Имомназаровга мурожат қилди.

Жаҳонгир Имомназаров 30 йилдан ортиқ молия соҳасида, шундан 10 йилдан ортиқ банк тармоғида фаолият юритган. 2011 йилдан бери Ислом молияси билан шуғулланиб келади. 2020 йилдан бери Ислом молияси билан шуғулланувчи “Islamic Business and Finance” компаниясини бошқариб келяпти. Islommoliyasi.uz сайти асосчиларидан бири.

Банклар нима учун керак?

Ҳар қанақа фаолият билан, яъни молиявий ёки бизнес фаолияти билан шуғулланувчилар, албатта, банк орқали ўз амалиётларини бажаришади. Банкларнинг вазифаси бу ерда аҳолини ва бизнесни қўлидаги бўш маблағларни жалб қилиб, уларни молиявий маблағ керак бўлган аҳоли ва бизнес вакилларига тақсимлаш. Яъни бу билан банклар иқтисодиётни пул билан таъминлайди.

Илгари кўпроқ нақд пул билан ишланган бўлса, ҳозирги кунга келиб кўпчилигимиз мана, пластик карталарга ўтдик. Пластик карталар дегани бу, албатта, банк билан бевосита боғлиқ. Яъни ўша пластик карталарни чиқарувчилар — банклар. Банклар янада кўпроқ аҳолидан шу пластик карталар орқали, ёки кредит карталари орқали аҳолининг қўлидаги маблағларни янада кўпроқ қабул қилиб, кўпроқ бизнесни ва аҳолини пул билан таъминлаяпти. Бу эса иқтисодиётнинг жадаллашишига сабаб бўлади. Сабаби, пул иқтисодиётда айланиши керак.

Банкларнинг даромади қаердан?

Банкларнинг даромади асосан иккита йўналишдан бўлади. Биринчиси, бу фоизсиз амалиётлар, яъни хизмат кўрсатиш орқали топиладиган даромадлар. Масалан, бир корхонанинг пули иккинчи корхонага ўтказиб берилди ёки аҳолининг қўлидаги пулларни чет мамлакатларга ўтказиб беради ёки уларнинг бойликларини, масалан, олтинларини сақлаб беради.

Энди иккинчи турдаги даромад – бу фоизли даромадлар деб аталади. Фоизли даромадлар бизнесни кредит ҳисобидан молиялаштириш эвазига топиладиган фойдалар. Кредитнинг турлари кўп. Масалан, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бор ёки бўлмаса, тижоратни молиялаштириш бор ёки факторинг орқали молиялаштириш бор.

Хўп, “ўзлари даромад оладиган бўлишса, бизнесга ҳам ўша даромаддан улуш беришадими?” деган савол туғилади. Масалан, дейлик, халқнинг қўлидан пулни жалб қилиш йўлларидан биттаси омонатга пул жалб қилиш. Бу энди аксарият ҳолатда анъанавий банклар фоизлик депозитларга пулларини жалб қилишади. Масалан, дейлик, 20% йиллик даромад берамиз дейди ва аҳолининг қўлидан пулларни қабул қилиб олади ва ўша қабул қилинган пулларни бизнесни молиялаштиришга, яъни кредит орқали молиялаштиришга йўналтиришади. Шу кредитдан топган даромадининг бир қисмини ўша депозитга қўйган аҳолига беришади. Бу ерда улар бизнесдан даромад оладими ёки йўқми, кафолатланган тарзда ўша депозит эгаларига ваъда қилинган, шартномада кўрсатилган даромадини беради. Йиллик 20% дедими, ўша 20% ни таъминлаб беради. Ва ўз навбатида, бизнесни кредитлашда ҳам, масалан, 24% ёки 30% йиллик фоиз билан берадиган бўлса, уни ҳам кафолатланган тарзда ўша бизнес эгаларидан олишади, яъни бизнес учун берилган кредитлар ҳисобидан даромад олишади.