Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ливан: “Ҳизбуллоҳ” ортида Эрон корпуси турибди
Ливан бош вазири Навоф Саломнинг айтишича, Исроил билан уруш давомида Ливандаги ҳаракат “Ҳизбуллоҳ”га Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) аъзолари раҳбарлик қилмоқда.
Навоф Салом Фото: Emilie Madi/REUTERS
“Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши уруш давомида Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) аъзолари назорати остида ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Ливан бош вазири Навоф Салом 22 март, якшанба куни кечқурун Саудиянинг Al Hadath телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
“ИИМК бу ерда мавжуд ва афсуски, Ливанда ҳарбий операцияларга раҳбарлик қилмоқда. Бу шахслар сохта паспортлар билан мамлакатга ноқонуний кириб келган”, — деди Салом.
Ливан бош вазири, шунингдек, март ойи бошида Кипрдаги Британиянинг Акротири ҳарбий базасига Эронда ишлаб чиқарилган дронлар орқали амалга оширилган ҳужум учун ҳам ИИМКни жавобгар деб ҳисоблашини билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу учувчисиз аппаратлар айнан ИИМК аъзолари томонидан учирилган.
Бундан аввал Европа Иттифоқига аъзо бўлган Кипр расмийлари мазкур дрон Эрондан эмас, балки Ливандан “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи томонидан учирилганини маълум қилган эди.
Навоф Салом интервю давомида “Ҳизбуллоҳ”ни Ливанни урушга тортишда ҳам айблади. Унинг айтишича, бу ҳаракат Исроилга ракеталар учириб, мамлакатни можарога жалб қилган.
“Айтилишича, бу уруш Али Хоминаийнинг ўлими учун қасос сифатида бошланган. Бу эса уруш бизга мажбуран юкланганини англатади”, — деди Ливан бош вазири.
2 март куни Ливан ҳукумати мамлакатда ИИМКнинг ҳар қандай фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, Байрут “Ҳизбуллоҳ” аъзоларини қуролларни ихтиёрий равишда давлатга топширишга чақирди.
“Биз қабул қилинган қарорларга амал қилмоқдамиз ва уларни ҳаётга татбиқ этиш устида ишлаяпмиз”, — деди Салом бу борадаги саволга жавобан.
Шу куннинг ўзида Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини мамлакат маркази билан боғловчи ва минтақадаги энг муҳим кўприклардан бири бўлган Литани дарёси устидаги кўприкни йўқ қилди. Бу Исроил ва Ливан ўртасидаги зиддиятнинг яна бир кескинлашуви сифатида баҳоланмоқда.
Бир неча соат аввал Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил мудофаа армиясига (ЦАҲАЛ) Ливан жанубий чегараси яқинидаги уйларни бузиш ишларини тезлаштириш ва Литани дарёси устидаги барча кўприкларни йўқ қилиш вазифаси юклатилганини маълум қилди. Бу орқали “Ҳизбуллоҳ”га қурол етказиб бериш йўлларини тўсиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, ЦАҲАЛ бош штаби раҳбари Эял Замир “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқлик операцияси кўламини кенгайтириш режаси борлигини билдирди.
Reuters агентлигининг маълум қилишича, сўнгги ўн кун ичида Исроил Ливан жанубида бир қатор кўприкларни йўқ қилган. Чегарага яқин қишлоқлардаги уйларни бузиш эса, Исраэл Кацнинг таъкидлашича, Исроил аҳолисини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан у Ғазо секторида амалга оширилган шунга ўхшаш ҳаракатларни мисол қилиб келтирди — у ерда биноларни бузиш орқали буфер зона яратилган.
Фуқаролик инфратузилмасининг вайрон қилиниши Исроил ҳужумларининг кескин кучайганини англатади, деб қайд этади Reuters.
Ливан президенти Жозеф Аун Исроил ҳаракатларини қоралади, инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch эса Ливан жанубида уйларни бузишни “ҳарбий жиноят” деб баҳолади.
Ливан томони маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида мамлакатда 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Улар орасида қарийб 120 нафар бола, 80 нафар аёл ва 40 нафар тиббиёт ходими бор.