Давлат раҳбари Тожикистон президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.

– Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳукуматлар, парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол ва яқин алоқалар мамнуният билан қайд этилди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси ва ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказларининг форумлари муваффақиятли ташкил қилинди. Айни пайтда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилмоқда.

Йиғилишда томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилдилар ҳамда ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорларни қабул қилдилар.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди.

Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва бошқа кўплаб соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар, автобус ва поезд қатновлари йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда.

2030 йилга бориб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.