Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади
Ботаника ва дендрология боғлари ер участкаларини хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш қатъий тақиқланади.
Президентнинг “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилиш, халқаро стандартларга мувофиқ 2030 йилгача Ўзбекистонда умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудуд ҳажмини 9–10 м²гача кенгайтириш ҳамда ПМ2.5 ва ПМ10 каби зарарли заррачалар концентрациясини 20–25 фоизга камайтириш, иқлим шароити оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5–2°С гача пасайтириш асосий мақсад этиб белгиланди.
Дендрология боғлари мақомига кўра ботаника боғларига тенглаштирилади, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш мақсадида ажратиладиган ер майдонлари истисно тариқасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича тўловлардан озод қилинади. Дендрология боғларига ҳам ботаника боғлари каби муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилади.
Ботаника ва дендрология боғлари ер участкаларини хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш қатъий тақиқланади. Боғларни лойиҳалаш, ташкил этиш ва уларни эксплуатация қилиш жараёнларида халқаро экологик стандартлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича умум эътироф этилган экологик меъёрлар ва миллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ботаника ва дендрология боғларининг самарали фаолият кўрсатиши ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида республиканинг ҳар бир ҳудудидан мазкур боғларга “яшиллик элчиси” бириктирилади. “Яшиллик элчилари” боғларидаги яшил ҳудудларнинг ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш, аниқланган камчилик ва муаммолар тўғрисида масъул давлат органига маълумот тақдим этиш, кўкаламзорлаштириш, парваришлаш ва экологик тадбирларда фаол иштирок этиш, экологик маданиятни ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш, эко боғларини асраш ва ривожлантириш бўйича маҳаллий ҳамда халқаро грантлар, ҳомийлик маблағлари ва ижтимоий шериклик лойиҳаларини жалб этишга кўмаклашиш каби вазифаларни бажаради.
2028 йил 1 ноябрга қадар ботаника ва дендрология боғлари ҳудуди камида 100 гектаргача етказилади.
Бундан ташқари, Ўрмон агентлиги тизимидаги “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси “Яшил боғларни бошқариш ўрмон илмий-тажриба маркази” давлат муассасасига айлантирилади. Марказ таркибида дарахт касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш хизмати ташкил этилади. Марказ тасарруфидаги боғлар ва кўчатхоналар ташкил этиш учун бириктирилган ер участкалари дарахтзорлар сифатида солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.