Марказий Осиё лола гулининг келиб чиқиши ва ривожланишининг асосий маркази бўлган. Бундай хулосага Tulipa туркумининг эволюцион тарихини тиклаган халқаро олимлар гуруҳи келди. Бунинг учун тадқиқотчилар 254 та пластид геноми — лоланинг маълум хилма-хиллигининг қарийб 86 фоизини ўргандилар. Натижалар Американинг American Journal of Botany илмий журналида эълон қилинди.

Тадқиқотда Кембриж университети, Кю Қироллик ботаника боғлари мутахассислари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари олимлари иштирок этди.

Лола қаерда пайдо бўлган?

Олимлар томонидан тузилган генетик шажара лола тарихини миллионлаб йиллар давомида кузатиш имконини берди.

Тадқиқотга кўра, Tulipa насли энг яқин қариндош ўсимликлардан тахминан 32,5 миллион йил олдин ажралиб чиққан. Бироқ бугунги кунда мавжуд бўлган лоланинг умумий аждоди кейинроқ — тахминан 22,8 миллион йил аввал пайдо бўлган. Биогеографик таҳлил унинг келиб чиқиш ҳудуди сифатида Марказий Осиёни кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, 32,5 миллион йил — бу лола наслининг энг яқин қариндошларидан ажралган вақти, 22,8 миллион йил эса замонавий лола умумий аждодининг тахминий ёшидир.

Айнан Марказий Осиё кейинчалик лоланинг янги турлари пайдо бўлган асосий маконлардан бирига айланган.

Генетика лола таснифини ўзгартирди

Тадқиқот олимларга лола таснифини аниқлаштириб олишга ҳам ёрдам берди. Илгари турлар асосан ташқи белгилари — пиёзбоши ва баргларининг шакли, ранги ҳамда бошқа хусусиятларига кўра фарқланар эди. Ташқи ўхшашлик туфайли турлар баъзан бирлаштирилса, бир турнинг ўзи, аксинча, ҳар хил номлар билан тавсифланиши мумкин эди.

ДНК таҳлили бир қатор лоланинг мавжуд таснифини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Тадқиқот муаллифлари бешинчи кенжа туркум — Eduardoregelia’ни ажратди. Унга Tulipa heterophylla киради. Бундан ташқари, генетик маълумотлар аввал бошқалари билан бирлаштирилган бир қатор турларнинг мустақиллигини тасдиқлади. Улар орасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ўсадиган Tulipa affinis ҳам бор.

Тадқиқотнинг асосий хулосаси бутун Tulipa туркуми тарихига тааллуқлидир. Генетик маълумотлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё нафақат лоланинг тарқалиш ҳудудларидан бири, балки дастлабки эволюцияси ва кейинги хилма-хиллигининг асосий минтақаси бўлган.

Тадқиқот якунида олимлар Марказий Осиё тоғларини энди анча ишонч билан “лола ватани” деб аташ мумкинлигини ёзган. Шунингдек, улар янги генетик маълумотлар турларни аниқроқ белгилашга ва бу ахборотдан минтақадаги ёввойи лолаларни муҳофаза қилишда фойдаланишга ёрдам беришини таъкидлайди.

Олинган натижалардан Марказий Осиё турларининг ҳолатини баҳолаш ва минтақа мамлакатларининг миллий Қизил китобларини янгилаш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.