Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мижозлар банкка тўлаган пулни дивидент шаклида нақдлаштириб, Хитойга юборамиз” – “Global avto” масъуллари
Kun.uz ўз суриштирувида осон шартларда автомобил етказиб беришни ваъда қилаётган “Global avto kredit” МЧЖ фаолиятини шубҳа остига олганди. Кўтарилган масалалар бўйича “автосалон” директори ва сотув бўлими бошлиғи тушунтириш берди. “Global avto” билан шартнома тузган ватандошларнинг маълум қилишича, айни вақтда фирма офиси муҳрлаб кетилган. Kun.uz ҳолат юзасидан ИИВга сўров жўнатди.
Қимматбаҳо электромобилни ўз нархида фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан таклиф қилишса, харид қилган бўлармидингиз? Бу саволга кўпчилик ўйлаб ҳам ўтирмасдан ҳа деб жавоб беради. Чунки Ўзбекистон автомобил бозорида бунақа таклиф ҳали янграмаган. Шу сабабли бундай осон шартдаги таклиф шубҳа туғдиради.
Kun.uz ўз суриштирувида шу ва шу каби осон шартларда автомобил олиб беришни ваъда қилган “Global avto kredit” МЧЖ фаолиятини шубҳа остига олганди. Суриштирув эълон қилинганидан сўнг “Global avto kredit” МЧЖ таъсисчиси Бекзод Бахтимуродов ва фирма бош менежери Дилшод Тошбоев таҳририятга ташриф буюриб, тушунтириш берди. Kun.uz журналисти уларга бир нечта саволлар билан юзланди.
Таҳририят журналисти ва “Global avto kredit” МЧЖ мансабдорлари ўртасидаги суҳбат қуйидагича кечди:
Дилшод Тошбоев, “Global avto kredit” МЧЖ бош менежери:
“Kun.uz’да чиққан мақолада шунақа бир банди борки, улар ҳеч қаерда бўлмаган қанақадир 10 фоизлик “рассрочка” ҳақида гапиришган. Тўғри, бизлар машинанинг таннархидан фойда қиламиз. Қандай қилиб? Мисол учун, 200 млн сўмлик машина деб оладиган бўлсак, унга ўзимизнинг фойдамиз – тахминий 10-15 млн сўм қўямиз. Мижоздан 50 ёки 60 фоиз бошланғич тўловни банк орқали тўлов қилдирган ҳолда қолган қолдиқ суммани 1 йилдан 5 йил муддатгача бўлиб тўлашга фоизсиз берамиз. Бундан бизнинг асосий фойдамиз ўша 200 млн сўмлик машина таннархига қўшилган 10-15 млн сўм ҳисобланади. Аудиоёзувларда ва мақолада ёзиб ўтилган, яқинда ишга кирган менежеримиз билан аудиоёзув орқали бўлган суҳбатда нотўғри информациялар берилган. Сотув менежеримизнинг берган маълумотлари 100 фоиз тўғри”.
Kun.uz журналисти:
“Global avto” қимматбаҳо электромобилларни фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан Хитойдан олиб келиб беришни ваъда қиляпти. Фирма айнан фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан бугунга қадар нечта мижозга Хитойдан қимматбаҳо электромобиллар етказиб берган?”
Дилшод Тошбоев:
“Шу кунга қадар 20 та атрофида Хитойдан машиналар олиб келиб, мижозларга расмийлаштириб берганмиз. Бўлиб тўлашга ҳам, тўлиқ тўловда ҳам олганлар бўлган буларнинг ичида”.
Kun.uz журналисти:
“Бу 20 нафар одам билан шартнома қилганмисиз ёки 20 нафар одамга машина олиб келиб берилганми шу вақтгача?”
Дилшод Тошбоев:
“Шартнома қилганмиз. Шартномада ҳам ҳаммаси очиқ-ойдин кўрсатилган, машина етказиб берилиши 6 ой, 180 иш кунида қилиб белгиланган. Биринчи қилинган шартномага ҳам ҳали 6 ой муддат бўлгани йўқ. Биринчи қилинган шартномаларга машина етказиб бериш вақти яқинлашди. Машинамиз ҳам яқин кунларда етиб келиб, мижозларга расмийлаштириб берилади”.
Kun.uz журналисти:
“Сизлар билан шартнома тузган шу 20 нафар харидор ўша шартномалар доирасида пулларни қандай тартибда тўлов қилган?”
Дилшод Тошбоев:
“Пуллар 2 хил тартибда тўлов қилинган: айримлари банкка бориб, ҳисоб рақамимизга шартнома асосида тўлов қилган, айрими офисимизда жойлашган ўзимизнинг кассамизга нақд пулда тўлаган. Кассиримиз у пулларни банкка кирим қилиб келмоқда”.
Kun.uz журналисти:
“Global avto kredit” МЧЖ ўзининг Telegram’даги каналида бир нечта видео ва фото эълонларни жойлаштирган. Унда мижозларга машиналар етказиб берилгани ҳақида гап боради. Бу видео ва фотолар ўзларингизнинг ходимлар томонидан тайёрланганми ёки тармоқларга жойлаштирилган бошқа видеоларми булар?”
Дилшод Тошбоев:
“Ўзимизнинг ходимлар томонидан тайёрланган. Ўша видеода ҳам акс этган, Cobalt русумли машина кўрсатилган. Бизга қанақа мижоз келишидан қатъи назар уларни қайтармасликка ҳаракат қиламиз. Улар Cobalt машинасини 100 фоиз тўловда харид қилиш истаги билан келган. Бизда ўша вақтда нақд пулга машинамиз бўлмаганлиги сабабли мижозни қайтармаслик учун бошқа автосалонга олиб борганмиз: шартнома қилган ҳолатда тўловини ҳам ўша автосалонга тўлаган, машинани ҳам дарҳол ўз номига расмийлаштириб олган. Бунда “Global avto kredit” МЧЖ мижоздан ҳеч қанақа пул маблағи ёки қанақадир пора сифатида маблағ олмаган”.
Kun.uz журналисти:
“GM автомобилларини йиллик 10 фоизлик устамада 5 йилгача бўлган муддатда бўлиб тўлашга олиб бериш айтилган. Шунақа эълонлар бор Telegram’даги каналларингизда. Бу фоиз Ўзбекистондаги йиллик инфляция даражасидан паст. Фирма ўртадаги фарқ натижасида кўрадиган зарарни ниманинг ҳисобига қоплайди?”
Дилшод Тошбоев:
“Бу зарар ўша таннархига қўйган фойдамиз устида. Мисол учун, бизлар 50 та машина сотяпмизми, инфляциянинг ҳисобида фойда қилмайлик ўша 15 фоизлик “рассрочка”да берганимизда, қолганидан фойда ўшанда бўлади”.
Бекзод Бахтимуродов, “Global avto kredit” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари:
“Мисол учун, Cobalt автомобилининг таннархи 150 млн сўм. Агар бизлар ушбу Cobalt’ни “рассрочка”га қиладиган бўлсак, таннархнинг устига қўшиладиган сумма рекламада 150 млн сўм кетади, лекин шартнома қилаётганда унинг нархига 10-15 млн сўм қўшилади. Ва машина таннархи 165 млн сўм деб баҳоланадиган бўлса, унга мижознинг хоҳишига кўра бошланғич тўлов тўланади: мисол учун 30 фоиз ёки 50 фоиз бўлади. Қолдиқ сумма устига оладиган йилига қараб 10 фоиздан қўйилади. Агар 3 йилга оладиган бўлса, 30 фоиз. Ва қолдиқ суммасига 30 фоиз қўшилган ҳолатда 36 ой муддатга бўлиб берилади. Бу насия савдо шарти. Агар уни бизлар банк орқали қиладиган бўлсак, у ҳам ўзининг тартибида кетади. Фақат у билан шартнома банк орқали бўлади”.
Kun.uz журналисти:
“Солиқ қонунчилигингиздан хабарингиз бор. Сизлар қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланган бўлсангиз керак? Бунда солиқнинг ўзида ютқазиб қўймайсизларми?”
Дилшод Тошбоев:
“Биз ҳали қўшилган қиймат солиғи тўловчиси эмасмиз, айланма солиқ тўлаймиз. Ҳеч қанақа ютқазмаймиз. Ўша 10 фоизни ҳам солиқни эътиборга олган ҳолатда қиймат киритамиз. Ҳозир бизлар айланмада 4 фоиз солиқ тўлаймиз. Ҳалигача НДСга ўтмаганимизни ҳам очиқлаб кетадиган бўлсам, 1 млрд сўмгача айланма солиқда туради, ҳали бизнинг “оборот”имиз 1 млрд сўм бўлмаган. Чунки машинага мижозлар 30-50 фоиз тўлов қиляпти. Машина 100 фоиз тўлов қилинган ҳолатда мижозга расмийлаштириб берилгандагина “оборот”имиз 1 млрд сўмдан ошади. Ҳали машиналар йўлда, келиши билан расмийлаштириб, НДСга энди ўтамиз. Ўзимизнинг барча ҳаражатларни қўшган ҳолатда таннарх белгилаб қўямиз”.
Kun.uz журналисти:
“Ҳозир 20 та машинага шартнома қилгансизлар ва буларнинг 4 таси билан 1 млрд сўмлик нуқтага борилади. Бунинг ҳисобини ҳозирги шартномада олмагансизлар-ку. 4 тадан кейин унинг тепасида сизларда 12 фоизлик ҚҚС пайдо бўлади. Демак, 10 фоизлик устама билан 2 фоизлик зарардасизлар”.
Дилшод Тошбоев:
“Биз машинани четдан олиб кираётганда тўлов ҳаражатларини қилганимиздан сўнг божхона бизга НДС беради, ҳисобимизга оламиз НДСни. Бизлар сотаётганимизда НДС билан сотамиз НДСга ўтганимиздан кейингина. Ўшанда машинани сотиб олган нархимиз билан сотаётган нархимиз ўртасидаги фарқдан 12 фоиз тўлаймиз. Масалан, 300 млн сўмга машина олиб кирдик, 300 млн сўмга мўлжаллаб божхона бизга НДС беради. Бизлар ўша машинани 330 млн сўмга сотамиз ва 30 млн сўм учун 12 фоиз НДС тўланади”.
Kun.uz журналисти:
“ҚҚС фақат сиз кўраётган фойда учун тўланадими?”
Дилшод Тошбоев:
“Худди шунақа, кўраётган фойда учун тўланади. Айланмага ўхшаб умумийдан 4 фоиз олинмайди”.
Kun.uz журналисти:
“Global avto” мижозлар билан “автомобилнинг бошланғич тўлови тўғрисида” деган шартнома тузяпти. Унда сотувчини гўёки ижарага берувчи, харидорни эса ижарага олувчи сифатида кўрсатишган. Менежер машина келгач бошқа, асосий шартнома тузилади демоқда. Ваҳоланки, дастлабки тўловни тартибга соладиган шартнома мана шу. Агар эртага машина келмай қолса ёки бошқа масалалар келиб чиқадиган бўлса, ҳозирги тузилаётган шартнома доирасида ҳуқуқий муносабатлар ҳал қилинади. Нега бу ерда муносабатлар ижара сифатида расмийлаштирилмоқда?”
Дилшод Тошбоев:
“Асосан бўлиб тўлашга олингани учун ижара қилинган, сотувчи ёки олувчи қилиб эмас. Бўлиб тўлашга берилгани учун ўзимизга тушунарли қилиб ёзганмиз. Сиз айтаётган шартномалар мижоз билан биргаликда кўриб чиққан ҳолатда, мижозимиз тўлиқ ўқиб, танишгандан кейингина имзоланган. Бу шартномалар ҳар бир мижоз билан келишилган ҳолатда тузилади”.
Kun.uz журналисти:
“Автомобил етиб келганидан кейин кимнинг номига расмийлаштирилади? Фирманингми ёки харидорнинг?”
Дилшод Тошбоев:
“Автомобил келганидан кейин харидорнинг номига расмийлаштирилади. Бўлиб тўлашга бўладиган бўлса, нотариус орқали машина тақиққа қўйилади. Айрим мижозлар билан шунақа келишувимиз бўладики, бўлиб тўлаш шарти билан олганда машина фирма балансида туради ва уни худди ижарага олувчи сифатида ишончнома орқали берамиз. Машина фирма балансида қолади. Ўшаларни ҳисобга олган ҳолда биз шартномаларни ижарага берувчи ва ижарага олувчи деб ёзганмиз”.
Kun.uz журналисти:
“Фирма менежери ва Kun.uz вакили суҳбатида менежер GM билан йил бошида шартнома қилиб қўямиз, кейин йил давомида машина чиқариб берилади, деган. “Global avto kredit” МЧЖ билан GM ўртасида қандай шартнома бор?”
Бекзод Бахтимуродов:
“Менежеримиз берган информацияда айрим нотўғри кетган жойлари бор, беркитадиган жойимиз йўқ. Айнан “Global avto kredit” МЧЖ GM билан қилган шартномаси йўқ. Уларнинг ўзининг расмий автосалонлари бор. Ўша автосалонларидан жойи келганда автомобил оламиз, насияга берамиз. Ва бизнинг иш системамиз асосан иномарка автомобилларига қаратилган. Яъни Хитойдан кириб келадиган электромобилларга. GM автомобилларини ора-орада сотиб турамиз”.
Kun.uz журналисти:
“Нима учун 180 кун оралиқни олгансизлар? Сизларда ҳам 30-40 кунда олиб келиб бериш имконияти борми?”
Бекзод Бахтимуродов:
“Автомобиллар жойи келса 20 кунда ҳам етиб келади. Бизлар шартномада берган муддат форс-можор ҳолатга қараб, Хитойнинг айнан битта шаҳридан олинмайди. Машина етиб келганида ҳар қанақа форс-можор ҳолатлари бўлиши, етиб келаётган машинанинг ранги ўзгариб қолиши мумкин. Бу максимал ўзимизнинг ҳимоямизни олганда ҳолатда берган муддатимиз.
20 та автомобилнинг ҳаммаси ҳам Хитой машиналари эмас. Буларнинг орасида ўзимизнинг GM автомобиллари ҳам бор. Четдан кириб келаётган автомобиллар муддати чўзилишининг ўз сабаблари бор. Лекин шартномада кўрсатилган муддатда машиналар келади. Автомобилни бизлар айнан Хитойнинг ўзидан олиб келолмаган тақдирда минус бўлса ҳам бозор вариантида автомобил олиб берамиз”.
Kun.uz журналисти:
“Хорижий автомобилларга тўлов қилган фуқаролар пулни банкка олиб бориб тўлашини айтдинглар. Хитойдаги шерикка бу пул қандай тартибда етказилади?”
Дилшод Тошбоев:
“Жисмоний шахс номидан етказилади. Чунки у ерда ўзимизнинг асосий вакилимиз бор. Бошқача вариант қилмоқчи бўлганимизнинг сабаби, ўзингиз биласиз, юридик шахслар четдан 1 йилда 2 та машина олиб кела олиши мумкин, ундан кўпига рухсат берилмайди. Бизлар 2 тасини конвертация қилиб олиб келамиз, ундан кейингиларини ўзимизнинг ёнимиздан нақд пул кўринишида сотиб олиб келамиз ва жисмоний шахс номидан фирма номига расмийлаштирамиз. Ушбу пулни банкдаги ҳисоб рақамдан солиғини тўлаган ҳолатда даромад кўринишида чиқариб оламиз. Даромад кўринишида чиқарадиган бўлсак ҳам ўзимизга минус томони бор солиқ томонлама. Солиғини тўлаймиз. Фойдага мана шу нарсани ҳам киритиб кетганмиз”.
Kun.uz журналисти:
“Кимнинг даромади сифатида чиқариб олинади у пул?”
Дилшод Тошбоев:
“Дивиденд сифатида чиқариб олинади. Таъсисчининг дивиденди сифатида чиқариб олиниб, нақд пулга айлантирилиб, Хитойдан олиб келинади. Хитойга пул жисмоний шахс номидан жўнатилади”.
Kun.uz журналисти:
“Ким бўлади у жисмоний шахс? Машинани сотиб олаётган харидорми ёки фирмангизнинг қайсидир ходимими?”
Дилшод Тошбоев:
“Фирма ходими ҳисобланади”.
Kun.uz журналисти:
“Чегарадан ходимингиз номига чиқади, кейин қандай бўлади машинанинг тақдири то харидорга етиб келгунча?”
Дилшод Тошбоев:
“Ходимнинг номидан фирма балансига ўтказамиз расмийлаштириб. Фирма рақами тақилади, “техпаспорт” олинганидан кейин у фирманинг балансига ўтади. Фирма балансига ўтгандан кейин харидорга берамиз. Чунки харидор фирма билан шартнома тузган, ходимимиз билан эмас. Нотариал ҳаракатлардаги харажатларнинг ҳаммаси шартномадаги суммага киритилган”.
Kun.uz журналисти:
“Шартномага киритилган деяпсиз, буни харидор тўлайдими?”
Бекзод Бахтимуродов:
“Автомобил ходимимиз номига келганидан кейин номимизга ўтказиш учун ҳамма харажатлар ўзимизнинг бўйнимизда бўлади. Фақатгина бизлар фирма балансидан мижознинг номига ўтказиб берганимизда, мижоз фақатгина давлат рақами тақиш учун харажат қилади. Бизлар айнан қайсидир моделнинг расмий дилерлигини олмаганмиз. Худо хоҳласа шунинг ҳаракатидамиз. Ҳали Ўзбекистонда бўлмаган автомобилларнинг дилерлигини олиб, мижозларга уни тақдим қилиш ҳаракатида юрибмиз”.
МЧЖ мансабдорлари шу пайтгача 5 нафар мижоз билан Хитой машинасига шартнома тузилди, дейишди. Сўзларига кўра, улардан бирортаси ҳали эгаларига келтириб берилмаган. Аммо фирма Хитойдан машиналар келтиргани ҳақида видеолавҳалар эълон қилинган. Унда бу машиналар қаердан келди, улар кимники?
Ушбу суҳбатни тайёрлар эканмиз, қизиқ ҳолатга дуч келдик: фирмага тўлов қилиб, кейинчалик фикри ўзгариб қолган ва айни пайтда пулини тўлиқ ололмаётган фуқаро таҳририят билан боғланди. Маълум қилишича, у тўлов қилган пулининг бир қисмини олган. Қолган қисмини олиш мақсадида “Global avto” офисига борганида бошқа автослондан Onix машинасини харид қилганини билдирган. “Global avto” вакиллари эса дарҳол ушбу машинани офис олдида сёмка қилиб, гўёки навбатдаги мижозга машина етказиб берилганини айтган ҳолда видеолавҳани фирманинг Telegram’даги каналига жойлаштиришган.
Албатта, дивиденд нима, даромад нима, улардан қандай тартибда ва фоизда солиқ ундирилиши кўпчиликка маълум. Шу сабабли Kun.uz “Global avto”чиларнинг ўз фаолиятларига оид жавобларини таҳлил қилишни лозим топмади. Бу борада қандай хулосага келишни кузатувчиларнинг ўз ихтиёрига қолдирамиз.
Мавзуга оид
22:32 / 27.03.2026
Cobalt ва Damas сотуви пасайди, Yuan Up’га талаб кескин ошган. Ўзбекистон автомобил бозори шарҳи
15:24 / 25.03.2026
Автогигантлар электромобилларга ўтиш режаларини оммавий равишда ўзгартиряпти – FT
07:35 / 23.03.2026
Хитойда робот теннис ўйнашни ўрганди: у 96 фоиз аниқлик билан зарбаларни қайтармоқда
20:48 / 22.03.2026