Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
WSJ: Трамп Ҳўрмуз очилмаса ҳам урушни тўхтатишни истамоқда
Расмийларга кўра, АҚШ президенти Эрон флоти ва ракета захираларини заифлаштиришга эришишни асосий мақсадлар сифатида белгилаган, шундан кейин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, Ҳўрмуз масаласини Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига қолдириши мумкин.
Фото: AP Photo/Jose Luis Magana
Доналд Трамп ёрдамчиларига АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий кампаниясини Ҳўрмуз бўғози ёпиқлигича қолган тақдирда ҳам якунлашга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal президент маъмурияти вакилига таяниб.
Манбаларга кўра, сўнгги кунларда Трамп ва унинг маслаҳатчилари Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича амалиёт тўрт-олти ҳафталик муҳлатдан ошиб кетади, деган хулосага келишган.
Нашрнинг ёзишича, президент Эрон флотини заифлаштириш ва ракета дастурини йўқ қилишни АҚШнинг асосий мақсадлари сифатида белгилаган.
Бу мақсадларга эришилганидан кейин эса Трамп ҳозирги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни, шу билан бир вақтда эркин савдони тиклаш учун Теҳронга дипломатик босим ўтказишни режалаштирмоқда. Агар бунга эришилмаса, Вашингтон бўғозни очиш масаласини Европадаги иттифоқчилар ҳамда Форс кўрфази мамлакатларига қолдиради.
Нашр манбаларининг таъкидлашича, Трамп ҳарбий вариантларни ҳам кўриб чиқиши мумкин, бироқ улар ҳозирда унинг устувор вазифаси эмас.
«Бўғоз қанчалик узоқ вақт ёпиқ қолса, бу жаҳон иқтисодиётини шунчалик кучли беқарорлаштиради ва бензин нархини оширади. Кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, АҚШ иттифоқчилари ҳам бир вақтлар бўғоз орқали тўсиқсиз ўтган энергия ресурслари етказиб берилишининг пасайишидан зарар кўрмоқда. Озиқ-овқат етиштириш учун ўғитларга ёки компютер чипларини ишлаб чиқариш учун гелийга боғлиқ бўлган тармоқлар тақчилликни бошдан кечирмоқда», – дея таъкидлайди WSJ.
Трамп ва унинг жамоасидагилар фикрича, Ҳўрмуз бўғози АҚШдан кўра Европа, Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатлари учун муҳимроқ ҳисобланади. Сўнгги ҳафталар давомида Вашингтондаги маъмурият вакиллари иттифоқчилар ҳамда ҳамкорларга бўғознинг очилишини таъминлайдиган музокаралар ёки амалиётларга тайёргарлик кўришни сўраб мурожаат қилишди, деб ёзади The Wall Street Journal.
30 март куни Трамп АҚШ «янги ва нисбатан ақллироқ режим» билан Эрондаги ҳарбий амалиётни якунлаш бўйича жиддий музокаралар олиб борилаётганини айтиб, яна бир бор агар Ҳўрмуз дарҳол очилмайдиган бўлса, «Эрон электр станцияларини ер юзидан супуриб ташлаш» билан таҳдид қилди. The Wall Street Journal нашри 31-денгиз пиёдалари экспедиция корпуси аллақачон минтақага етиб келганини қайд этган. Ҳудудга 82-ҳаво-десант дивизияси бўлинмалари ҳам ташланган, бундан ташқари, Трамп яна 10 минг ҳарбий юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт 30 март куни журналистларга АҚШ Ҳўрмуз бўғозидаги амалиётларни нормаллаштириш устида «ишлаётгани»ни айтди, аммо буни Эрон флоти, ракета дастури ва ядровий имкониятларига зарбалар бериш каби асосий ҳарбий мақсадлар қаторида тилга олмади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам шу куни Америка кампанияси бир неча ҳафта ичида якунланиши ҳақида гапирди. «Шундан кейин биз Ҳўрмуз бўғози муаммосига дуч келамиз ва ечим Эронга боғлиқ бўлади», – дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
15:29
Эронда Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун тўлов ундириш режаси маъқулланди
13:49
Испания Эрондаги урушда иштирок этаётган самолётлар учун осмонини ёпди
09:09
Трамп: Эрон билан келишув бўлмаса, қаттиқ зарба берилади
22:35 / 30.03.2026