Қаҳрамонмарашдаги отишма бўлган ўрта мактаб / Фото: Getty Images

Туркия полицияси шу ҳафтада содир бўлган икки мактабдаги мудҳиш отишма ҳақида интернетда мунозарали контент жойлаштирган 100 дан ортиқ шахсларни ҳибсга олди. Полициянинг маълум қилишича, улар «жамоат тартибига салбий таъсир кўрсатувчи фаолият билан шуғулланганиш ва постлар жойлашда» айбланган.

Хусусан, ҳужумлардан кейин интернетдаги хатти-ҳаракатлар бўйича ҳукумат хавотирлари ортидан 95 нафар шахс ҳибсга олинган.

Туркия Адлия вазири Акин Гурлекнинг маълум қилишича, улар эфирга узатиш тақиқланганига қарамай, ҳужумга оид кадрларни тарқатиш, ваҳима уйғотиши мумкин бўлган контентни улашишда айбланмоқда. Шунингдек, уларга ҳуқуқбузарликка ундаш, нотўғри маълумотларни тарқатиш айбловлари ҳам қўйилган.

BBC нашрининг ёзишича, яна 67 киши бошқа мактабларда ҳам ҳужумлар амалга оширилишига ишора қилувчи постларни улашгани учун ҳибсга олинган. Вазирга кўра, ушбу қотилликлар ортидан ижтимоий тармоқлардаги 1100дан ортиқ профил ва ҳисобларга чеклов қўйилган.

Қаҳрамонмарашдаги ҳужум олдиндан режалаштирган

Туркияни ларзага солган қотиллик 15 апрел куни Қаҳрамонмараш ҳудудидаги Айсер Чалик ўрта мактабида содир бўлди. 14 ёшли ўқувчи камида тўққиз кишини, жумладан, саккиз нафар мактабдошини ва бир ўқитувчини отиб ўлдирди. Шунингдек 13 киши яраланган, уларнинг олти нафари оғир аҳволда.

Фото: Reuters

Қаҳрамонмараш губернатори Мукеррем Унлуэрнинг айтишича, отишмани содир этган шахс тўполон вақтида ўзини отиб ўлдирган.

«Саккизинчи синф ўқувчиси сумкасида 5 та қурол ва 7 та ўқдон (магазин) билан келган. Бизнингча, улар унинг собиқ полициячи бўлган отасига тегишли. У бешинчи синф ўқувчилари бўлган иккита синфга кириб, ҳеч кимни ажратмасдан ўлим ва жароҳатларга сабаб бўлган»