Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик шунчаки ҳарбий можаро эмас, балки глобал миқёсдаги стратегик курашга айланди. Вашингтон тактик устунлик ва иқтисодий босим орқали Эронни енгишни мақсад қилган бўлса, Теҳрон миллий бирдамлик ва асимметрик тактикаларга таяниб, ўз позициясини сақлаб қолишга уринмоқда. Томонларнинг ҳозирги ҳарбий-иқтисодий имкониятлари ва Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.
АҚШ-Эрон уруши: урушнинг мазкур даврига келиб қайси томон нисбатан устун позицияда?
Бектош Бердиев: Урушнинг асосий фазаси якунланди деб айта олмаймиз. Яқинда эълон қилинган сунъий йўлдош маълумотларига кўра, Америка Қўшма Штатлари ва Яқин Шарқ ўртасидаги транспорт самолётлари қатнови янада фаоллашган. Яъни ҳудудга кўплаб самолётлар келиб-кетмоқда. Айниқса, бу транспорт самолётларидир. Улар асосан қурол-яроғ ёки ҳарбий хизматчиларни ташиши мумкин.
Иккинчи томондан, Доналд Трампнинг баёнотлари ҳам эътиборга лойиқ. Унга кўра, агар Эрон музокараларда қатъий туриб, АҚШ шартларига рози бўлмаса, кескин чоралар кўрилиши мумкин. Трамп ўз чиқишларида турли кескин ибораларни қўллаб, вазиятни жиддийлаштирувчи риторикадан фойдаланмоқда. Бу эса АҚШнинг ҳам осонликча ён бермаслигини англатади.
Ҳарбий ва технологик жиҳатдан АҚШ Эрон билан солиштирганда анча устун, гарчи географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлса ҳам. Шу билан бирга, ҳозирги уруш шароитида аниқ хулоса чиқариш қийин. Баъзи фикрларда Эрон ғалаба қозонди, АҚШ эса мағлуб бўлди, деган қарашлар учрайди. Бироқ бундай хулосаларга ҳали эрта.
Шунингдек, 21–23 апрел кунлари Покистонда режалаштирилаётган учрашувлар қандай натижа бериши ҳозирча очиқ масала бўлиб қолмоқда. Вазият янада кескинлашиши эҳтимоли мавжуд.
Эрон расмий баёнотларига кўра, улар ракета ва дрон кучларини жанговар шай ҳолатда сақламоқда. Шунингдек, эҳтимолий қуруқликдаги ҳарбий амалиётларга ҳам тайёргарлик кўрилаётгани айтилмоқда. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Хитойга тегишли транспорт самолётлари транспондерлари ўчирилган ҳолда Эронга қўнгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бу эса Эроннинг қуролланиш жараёнлари давом этаётганини кўрсатади. Умуман олганда, ҳар икки томон ҳам ҳарбий тайёргарликни сусайтиргани йўқ. Шундан келиб чиқиб, уруш якуний босқичга ўтди деган хулосага келишга ҳали эрта.

















