Йиғилиш аввалида жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган макроиқтисодий натижалар кўриб чиқилди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсди. Экспорт 5,8 миллиард долларни, хорижий инвестициялар ҳажми 13,7 миллиард долларни ташкил қилди. Инфляция йиллик ҳисобда илк бор 7,1 фоизгача пасайди.

Бунинг ҳисобига январ-март ойларида бюджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланди. Муҳими, шундан 1 триллион 400 миллиард сўми туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилди.

Давлат раҳбари иқтисодиётни халқаро миқёсда янги босқичга олиб чиқиш учун тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, келаси ой 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизи илк бор халқаро фонд бозорларига чиқарилиши қайд этилди. Бу Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилиб, 13 та стратегик корхона бошқаруви нуфузли “Franklin Templeton” компаниясига берилгани билан боғлиқ.

Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йил мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.

Шу билан бирга, президент биринчи чоракдаги натижаларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка берилиш мутлақо нотўғри эканини таъкидлади. Глобал зиддиятлар, қарама-қаршиликлар ва етакчилик учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги шароитда дунё иқтисодиёти аввалгидек “сокин” бўлмаслиги, бундай вазиятда барча раҳбарлар ўз иш услуби, ёндашуви ва дунёқарашини тубдан ўзгартириши зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масалалари алоҳида таҳлил қилинди. Жорий йил банклар орқали ушбу йўналишга 140 триллион сўм йўналтирилмоқда. Кичик бизнесга берилган ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига Ширин шаҳрида 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида 13 та доимий иш ўрни яратилган.

Бироқ Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана, Қўрғонтепа туманларида 1 миллиард сўмлик кредитга ўртача 3 та иш ўрни тўғри келмоқда.