Гейи ва Ҳусановнинг хатолари қимматга тушиши мумкин
«Эвертон» – «Манчестер Сити» 3:3
Голлар: Доку, 43 (0:1). Барри, 68 (1:1). О`Брайен, 73 (2:1). Барри, 81 (3:1). Ҳоланд, 83 (3:2). Доку, 90+7 (3:3)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, О`Брайен, Гарнер, Ироэгбунам (Армстронг, 90+6), Дюсбери-Ҳолл (Паттерсон, 90+2), Ндиай, Рел (Алкарас, 90+2), Бету (Барри, 64)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес (Ковачич, 75), Бернарду Силва (Мармуш, 87), Шерки, Доку, Семенё (Фоден, 74), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Кин, 45. Бету, 48. Тарковски, 53. О`Брайен, 86 – Доннарумма, 74
АПЛнинг 35-турида «Сити» «Эвертон»га қарши ўйнади. «Шаҳарликлар» жамоаси турнир жадвалида захирасида икки ўйин бор ҳолатда «Арсенал»дан олти очкога ортда қолаётганди ва мавсум охиригача очко йўқотишга ҳаққи йўқ эди.
Ливерпулдаги ўйиннинг биринчи бўлими меҳмонлар учун осон кечмади. «Сити» кўпроқ вақт давомида тўпга эгалик қилди, аммо етарлича хавфли вазиятлар яратилмади. Тахминан 40-дақиқаларга келиб Хосеп Гвардиола жамоаси 10 та зарба берганди, аммо улардан фақат биттаси дарвоза соҳасига тўғри борганди. Жанлуиджи Доннаруммага ҳам у қадар кўп иш топилмади. Италиялик дарвозабон фақат бир марта ўзини кўрсатишига тўғри келди ва Бетуга бораётган тўпни қўллари билан тўхтатиб қолди.
Биринчи бўлим кўпроқ Жеймс Тарковски ва Абдуқодир Ҳусанов ўртасидаги тўқнашув билан ёдда қолди. «Эвертон» ҳимоячиси бу вазиятда ўзбекистонликнинг футболкасидан тортиб қолди, ёш ҳимоячи эса аллақачон АПЛга мослашганини намойиш этиб, унга жавоб қайтарди.

Бош ҳакам воқеа жойига етиб келди ва барчани тинчлантиришга эришди.

Биринчи бўлим охирида «Сити» барибир ўз мақсадига эришди. Хосеп Гвардиола жамоасининг узоқ чўзилган ҳужуми Райан Шерки Жереми Докуни қулай вазиятга чиқариши ва белгиялик вингер олис бурчак томон идеал зарба бериши билан якунланди.
Мезбонлар танаффусдан кейин босимни оширишди ва кетма-кет имкониятларга эга бўла бошлашди. Аввалига Илиман Ндиайе Доннаруммани узоқ масофадан синаб кўрди – дарвозабон ишончли ҳаракат қилди.
















