Президент ўн йиллик иқтисодий ўсишни сарҳисоб қилди. Телефон рақами орқали банкдан пул ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Давлат боғчаларида ота-оналар тўлови миқдори оширилди. Маҳалла аҳолиси профилактика инспекторига ишончсизлик билдириши мумкин бўлади. Самарқандда одамларни жуда катта пулга чув туширган ички ишлар ходими 8 йилга қамалди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент ўн йиллик иқтисодий ўсишни сарҳисоб қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этди ва йиғилганларни байрам билан табриклади.

«35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди», – деди президент.

Ушбу ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олийжаноб халқ экани таъкидланди. Мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар меҳнатида намоён бўлиши қайд этилди.

Шунингдек, давлат раҳбари сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди.

«Ўтган даврда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиётимиз 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда», – деди Мирзиёев.

Телефон рақами орқали банкдан пул ўтказиш тизими йўлга қўйилади

Марказий банк Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида мобил телефон рақами асосида пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлади.

Уларга мувофиқ, жисмоний шахслар бир-бирига мобил телефон рақами асосида банк ҳисобварақларидан пул ўтказиши мумкин бўлади. Бунинг учун олувчининг мобил телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланган бўлиши керак.

Барча жараёнлар автоматик равишда реал вақт режимида амалга оширилади. Бунда банклар ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.

Бундай пул ўтказмалари узлуксиз — суткасига 24 соат, ҳафтасига 7 кун амалга оширилади. Агар мижоз пул ўтказиш учун банкка бевосита мурожаат қилса, операция банкнинг иш кунлари ва иш вақтида бажарилади.

Давлат боғчаларида ота-оналар тўлови миқдори оширилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, давлат боғчаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдори оширилди.

Янги миқдорлар бу сафар қатъий суммада белгиланмасдан, базавий ҳисоблаш миқдорига боғланди. Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, тўловлар миқдори ўртача 6,8 фоизга кўтарилган.

Сўнгги марта боғча тўловлари 2024 йил 1 июн ва 2025 йил 1 январдан бошлаб оширилган эди. Янги нархларни ҳисоблашда 1 сентябрдан кучга кирадиган базавий ҳисоблаш миқдоридан (440 минг сўм) келиб чиқилса, Тошкент шаҳрида боланинг боғчада кунлик бўлиш вақти 10,5 соатни ташкил қилганда тўлов миқдори 324 минг сўмдан 346 минг сўмга кўтарилди. Вилоят марказларида бу тўлов 315 минг сўмдан 336 минг сўмга, туман марказларида 242 минг сўмдан 258 минг сўмга ошди.

Шу билан бирга, амалдаги тартибга кўра, агар боғчага оиладаги бир неча бола қатнаса, тўлов миқдори камайтирилади. Ҳукумат қарори 2026 йил 25 августдан кучга кирди.

Маҳалла аҳолиси профилактика инспекторига ишончсизлик билдириши мумкин бўлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25 август куни «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклаш тақиқланади. Профилактика инспекторининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги кучайтирилади: у ҳар чоракда хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириш механизми жорий этилади.

Самарқандда одамларни жуда катта пулга чув туширган ички ишлар ходими 8 йилга қамалди

Самарқандда одамлардан автомобилларини сотиб бериш ваъдаси билан олиб, пулини бермай юрган ички ишлар ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Мазкур жиноят ва унда гумонланаётган лейтенант Бунёд Яздонов ҳақида Kun.uz аввалроқ суриштирув эълон қилган эди.

Бунёд Яздонов ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати лейтенанти бўлган. Унга ишониб алданган фуқароларнинг ишончига аввало унинг формаси ва лавозими сабаб бўлган. Одамлар уни давлат тизими вакили сифатида қабул қилган. Чунки у фуқаролар олдига формада, хизмат машинасида борган. Одамларни қимматбаҳо машиналарини сотиб беришини, қисқа муддатда пулларини қайтариб беришини айтиб ишонтирган.

Ўнлаб, эҳтимол юзлаб одамлар унинг ваъдаларига алдангани айтилмоқда. Жабрланганлар сони кўп, шу боис етказилган зарар миқдори ҳам катта. Бунёд Яздонов суддаги кўрсатмасида миллионлаб доллар ҳақида гапирган.

Суд Бунёд Яздоновни Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноят – жуда кўп миқдордаги фирибгарликда айбдор деб топди ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.