Мустақиллик байрами арафасида 852 нафар маҳкум афв этилди
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги шарафига афв тўғрисидаги фармонни имзолади.
Унга кўра, қилмишидан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 852 нафар жазони ўтаётган шахс афв этилган.
Улардан 604 нафари қамоқдан тўлиқ озод қилинмоқда, 115 нафари шартли равишда озод қилинмоқда. 52 кишининг жазо муддати енгиллаштирилган, 81 кишининг қамоқ муддати қисқартирилган.
Қайд этилишича, 2017 йилдан бери президент Шавкат Мирзиёев имзолаган 31 та фармон асосида жами 10 567 нафар маҳкум шахс афв этилган.
Урганч–Хива пулли йўли лойиҳаси 30 млн долларга қимматлади
Ўзбекистонда қурилган биринчи пулли йўл – 35 километрлик Урганч–Хива трассаси қиймати 150 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов маълум қилди.
Шу йил феврал ойида – ушбу йўл қурилиши бошланган пайтда расмийлар лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн доллар эканини маълум қилганди. Энди эса, лойиҳалаш билан параллел равишда олиб борилган қурилиш ишлари давомида қиймат 25 фоизга ошгани ойдинлашди.
Лойиҳа буюртмачиси – Автомобил йўллари қўмитаси ҳузуридаги дирекция бўлиб, пудрат ишларини ҳам қўмита тасарруфидаги ташкилотлар бажарди. Лойиҳанинг молиялаш манбалари очиқланмаган.
Тошкент шаҳридаги олийгоҳларда дарс соат 8:00 да бошланади
Янги ўқув йилидан бошлаб, Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 8:00 да бошланади.
Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, бу тартиб – пойтахтда эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтиришга қаратилган.
«Мазкур тартиб кундузги ва кечки таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагоглар ҳамда талабалар мазкур тартибни инобатга олишлари сўралади», – дейилади вазирлик хабарида.
Қорақалпоғистонда 5 млрд долларга майнинг ва дата марказ қурилиши бошланди
Қорақалпоғистонда умумий қиймати 5,11 миллиард доллар бўлган учта майнинг ва учта дата марказ қурилмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаев Шавкат Мирзиёев иштирокида янги объектларни фойдаланишга топшириш маросимида маълум қилди.
Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилиши президент қарорида белгиланганди. Дата марказлар учун яратилган махсус зонада инвесторлар 2040 йилгача барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинган.
Маросимда, шунингдек, 260 миллион долларлик «Нукус-2» шамол электр станцияси ҳам фойдаланишга топширилди. Ўтган йили эса ҳудудда 107 миллион долларлик «Нукус-1» лойиҳаси ишга туширилган эди.
Қашқадарёдаги Бобуртепа ёдгорлигида ноёб деворий сурат аниқланди
Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ва ноёб деворий сурат намунаси топилди. Дастлабки хулосаларга кўра, иншоот милодий IV–V асрларда ибодатхона вазифасини бажарган бўлиши мумкин.
Археологик тадқиқотлар давомида қадимий иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворида гил сувоқ устига ишланган лола ва оқ гуллар тасвири аниқланган.
Гул тасвирлари қизил рангдаги ингичка тўлқинсимон чизиқлар билан уйғунлаштирилган. Кейинги даврда эса ушбу деворий сурат устидан оқ оҳакли сувоқ қатлами тортилгани маълум бўлган.
Топилма нафақат бадиий жиҳатдан, балки Бобуртепадаги қадимий иншоотнинг вазифасини аниқлаш нуқтайи назаридан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.








