Президент СССР даврида қатағон қилинганлар номини оқлаш давом этишини айтди

Шавкат Мирзиёев Қатағон қурбонларини ёд этиш куни арафасида Шаҳидлар хиёбонида бўлди. Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. 1983-1990 йилларда «пахта иши», «ўзбек иши» деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учраган ватандошлар номини оқлаш ва тарихий адолатни тиклаш борасидаги эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

«Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз. 35 йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари фидойи аждодлар қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбайи бўлиб қолишини таъкидлади.

 

1 сентябрда узоқ кутилган салқинлик кириб келади

Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида август ойининг сўнгги кунларида салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади ва 31 августга келиб кундузги ҳарорат 25-30 даражагача пасаяди. 1 сентябрь куни нисбатан салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади, ҳаво ҳарорати 3-5 даражага пасаяди.

Ушбу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси шимолида жума ва шанба куни бир оз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларида баъзида 20-22 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

 

Ўзбекистонда илк бор беморга жигар ва буйрак бир вақтнинг ўзида кўчириб ўтказилди

Мураккаб амалиёт Тошкентдаги Миллий тиббиёт марказида ўтказилди. Операция жигар циррози ва сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичидан азият чеккан, тўрт йил давомида гемодиализ олган беморда бажарилди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатда фақат жигар ёки фақат буйракни кўчириб ўтказиш етарли натижа бермаслиги мумкин. Шу сабабли иккала органни бир вақтнинг ўзида трансплантация қилиш беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берадиган ягона ечим сифатида кўрилган.

Миллий тиббиёт марказида беморга юқори технологияли операция ўтказилиб, ҳам жигар, ҳам буйрак кўчириб ўтказилди. Шифокорлар мазкур амалиёт Ўзбекистон тиббиётида оғир жигар ва буйрак етишмовчилиги билан яшаётган беморларга юқори технологияли трансплантация ёрдамидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришига умид қилмоқда.

 

Ўзбекистонлик спортчилар академик эшкак эшишда илк марта жаҳон чемпиони бўлди

Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 27 август куни Ўзбекистон терма жамоаси мусобақадаги тарихий медалига сазовор бўлди.

Енгил вазнли спортчилар ўртасидаги жуфтлик дастурида (LM2x) Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев дуэти олтин медал соҳибига айланди. Бу ўзбекистонлик академик эшкак эшувчиларнинг катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қўлга киритган дастлабки олтин медали сифатида тарихда қолади.

Шаҳзод Нурматов чемпионликдан кейин берган интервюсида мазкур чемпионликни Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаганликларини айтишди.

Мазкур йўналишда кумуш медал Германия, бронза медали эса АҚШ спортчиларига насиб этди.