Талабалар учун «Долзарб қирқ кунлик» эълон қилинди. Маҳкумга маҳсулотларни онлайн сотиб олиш имкони берилиши мумкин. Андижонда 4 эгизак туғилди. ФҲДЁ хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти жорий этилди. Наманганда газга улаш учун пул олган шахсларга иш очилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Талабалар учун «Долзарб қирқ кунлик» эълон қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан 20 августдан 30 сентябргача бўлган давр олий таълим ташкилотларида «Долзарб қирқ кунлик» деб белгиланди.
Унинг доирасида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ҳамда бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилади.
Биринчи босқич талабаларини янги муҳитга мослаштириш бўйича ҳам алоҳида тадбирлар белгиланган. Хусусан, уларни тантанали кутиб олиш, «Кредит таълими тизимига кириш» ҳафталиги ҳамда «Талабаликка бағишлов» тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Сентябр ойи давомида олий таълим ташкилотларида «Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!» шиори остида «Мустақиллик дарслари» ҳам ўтказилади.
Маҳкумга маҳсулотларни онлайн сотиб олиш имкони берилиши мумкин
Ички ишлар вазирлигининг озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасалари ички тартиб қоидаларига ўзгартириш киритиш лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳага кўра, маҳкум ва унинг яқинлари рухсат этилган маҳсулотларни жазони ижро этиш муассасаси ичидаги инфокиоск ёки муассасадан ташқаридаги электрон платформа — сайт ва мобил илова орқали онлайн харид қилиши мумкин бўлади. Анъанавий посилка ва йўқлов шакли ҳам сақлаб қолинади.
Белгиланган миқдордан ортиқ, аммо тақиқланмаган нарса ва буюмлар муассаса омборхонасида сақланади. Зарур ҳолларда улар маҳкумнинг аризаси асосида берилади. Маҳсулотларнинг рухсат этилган тури ҳамда қадоқлаш талабларига риоя этилиши жазони ижро этиш муассасаси томонидан назорат қилинади.








