Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойнинг собиқ мудофаа вазирлари ўлим жазосига ҳукм қилинди
Ҳукм ижроси икки йил кечиктирилади, маҳаллий нашрларга кўра, бу муддат якунлангач, жазо умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. Собиқ мулозимлар барча ҳарбий ва сиёсий унвонларидан маҳрум этилиб, мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинди.
Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфу Фото: Wikipedia
Хитойнинг собиқ мудофаа вазирлари Вэй Фэнҳэ ва Ли Шангфу ҳукм ижросини икки йилга кечиктирган ҳолда ўлим жазосига ҳукм қилинди. Давлат нашрларига кўра, Вэй ва Ли коррупцияда айбланган.
Xinhua давлат ахборот агентлиги аниқлик киритишича, ҳарбий суд томонидан чиқарилган ҳукмдаги ижрони икки йиллик кечиктириш амалда ушбу муддат тугагач, жазо автоматик равишда умрбод қамоқ жазосига алмаштирилишини англатади. Ҳукмда жазони енгиллаштириш ёки муддатидан илгари шартли озод қилиш назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, иккаласи ҳам умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилди ва барча мол-мулки мусодара қилинди.
Вэй Фэнҳэ – 1954 йилда туғилган, Хитой Халқ Озодлик Армияси генерали, 2018–2023 йилларда Хитой мудофаа вазири бўлган. Бунгача у мамлакатнинг ядровий ва ракета арсенали учун масъул бўлган Ракета қўшинларига қўмондонлик қилган.
Ли Шангфу – 1958 йилда туғилган, Хитой Халқ Озодлик Армияси генерали, муқаддам ҳарбий харидлар ва қуролларни ишлаб чиқиш дастурларини бошқарган, шунингдек, Хитойнинг аэрокосмик саноатида ишлаган. 2018 йилда у Россия қуролларини сотиб олгани учун АҚШ санкцияларига учраган эди. У 2023 йил мартида Вэй Фэнҳэ ўрнига Хитой мудофаа вазири бўлган, лекин бу лавозимда ўша йил октябригача ишлаган. Шу билан бирга, у истеъфога чиқарилгани ва қўлга олингани расман эълон қилинишидан икки ой олдин ғойиб бўлиб қолганди.
Яқинда Хитой армиясида олий қўмондонлик таркибида тозалаш ўтказилганди. Хориждаги нашрларда ҳарбий қўмондонлар ХХР раиси Си Жинпингни ҳокимиятдан ағдаришга тайёргарлик кўргани ҳақида миш-мишлар чиққан, аммо расмий версияга кўра, ушбу кўп сонли истеъфолар коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ эди.
Феврал ойида Си Жинпинг армия «коррупцияга қарши курашда инқилобий синовдан ўтгани»ни маълум қилди.
Ундан олдинроқ, январ ойида ҳарбий иерархиядаги энг юқори мартабали шахс, Марказий ҳарбий кенгаш раиси ўринбосари, 75 ёшли генерал Чжанг Юся (кенгаш раиси Сининг ўзи) ва яна бир юқори мартабали ҳарбий тергов қилинаётгани хабар қилинганди.
2025 йил октябрида эса тўққиз нафар генерал, жумладан, Марказий ҳарбий кенгашнинг уч нафар аъзоси Коммунистик партиядан четлатилганди.
Натижада, январ ойида Марказий ҳарбий комиссияда одатдаги етти аъзо ўрнига фақат икки киши қолганди: Сининг ўзи ва армиядаги коррупцияга қарши курашни назорат қилган генерал Чжанг Шанмин.
Си Жинпинг ҳокимият тепасида турган 13 йил давомида бир неча бор коррупцияга қарши катта кампаниялар олиб борган.
Хитой сиёсати бўйича мутахассислар таъкидлашича, раис Си ушбу кампаниялар давомида нафақат коррупцияга қарши курашмоқда, балки сиёсий рақибларини ҳам йўқ қилмоқда.
Мавзуга оид
13:35
Андижонда Давактив ва ҲЭТ ходими пора олишда гумонланиб ушланди
08:21
Франциянинг 71 ёшли собиқ президенти қамоқдан озод этилди
22:17 / 06.05.2026
Шавкат Мирзиёев Хитой заводидаги фожиа муносабати билан Си Жинпингга ҳамдардлик билдирди
09:22 / 06.05.2026