Зеленский бу ҳақда Киевда америкалик ўнг фаол Лора Лумерга берган интервюсида гапирди. Қарийб 44 дақиқа давом этган суҳбат видеоси 24 июл, жума куни Лумернинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган.
«Ҳозир россияликларда ҳам, бизда ҳам 3 минг километрдан ортиқ масофага уча оладиган дронлар бор. Йил охирига қадар 4 минг километр масофага етадиган дронларга эга бўламиз. Келаси йил эса уларнинг парвоз масофаси 5–10 минг километрга етади», — деди Украина президенти.
Украина АҚШда дрон ишлаб чиқариш заводи қурмоқчи
Интервю давомида Зеленский Украина АҚШ билан учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш бўйича келишув тузишни режалаштираётганини ҳам маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Киев синовдан ўтказиш учун Вашингтонга денгиз, ҳаво ва узоқ масофага мўлжалланган дронларини тақдим этган. Украина ва АҚШ ўртасида учувчисиз аппаратлар соҳасидаги келишувларнинг биринчи босқичи аллақачон амалга оширилган, кейинги босқичга оид ҳужжат эса деярли тайёр.
Зеленский Украина АҚШ ҳудудида дрон ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштираётганини ҳам айтди.
Унинг таъкидлашича, дронларни оддий қурол-яроғ сингари узоқ муддат омборларда сақлаб туриш самарали эмас. Чунки жанг майдонида учувчисиз аппаратларга оид технологиялар жуда тез ўзгармоқда.
«Биз ишлаб чиқариш линияларини яратмоқчимиз. Чунки дронлар шунчаки омборларда ётиши мумкин эмас. Бу артиллерия ёки ракета эмас. Жанг майдонида дронлар ҳар олти ойда, баъзида эса ҳар уч ойда ўзгариб боради», — деди Зеленский.
Украина Қуролли кучларида янги қўмондонлик ташкил этилди
10 июл куни Зеленский Украина Қуролли кучлари таркибида Россия ҳудудидаги узоқ масофада жойлашган объектларга таъсир кўрсатишга қаратилган махсус қўмондонликни ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Зеленскийнинг баёнотларидан келиб чиқиб, янги тузилма Россия ҳудудининг Украина чегарасидан узоқда жойлашган объектларига дронлар билан зарба бериш операцияларини ташкил этиш билан шуғулланиши кутилмоқда.
Украина президенти янги қўмондонликни ташкил этиш заруратини Россиянинг ҳарбий салоҳиятини камайтириш мақсади билан изоҳлаган.
Унинг таъкидлашича, Украина ҳарбийлари Россиянинг Украинага қарши уруш олиб бориш имкониятларига унинг ўз ҳудудида таъсир кўрсатиш учун кўпроқ воситаларга эга бўлиши керак. Янги қўмондонлик мавжуд ресурсларни шу мақсадга йўналтириши режалаштирилган.
Сўнгги ойларда Украина дронларининг Россия ҳудудидаги нефтьни қайта ишлаш заводлари ва ёқилғи-энергетика инфратузилмаси объектларига зарбалари кўпайган. Манбага кўра, бу ҳужумлар Россияда ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммоларни кучайтирган.
Шунингдек, Россиядаги йирик маркетплейслардан бири Wildberriesʼнинг йирик саралаш марказлари ҳам дрон зарбаларидан жиддий зарар кўргани хабар қилинган.











