Яқин Шарқдаги хавфсизлик муаммолари янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Саудия Арабистони илгари сураётган ўзаро ҳужум қилмаслик пакти Эронни ҳам қамраб олади. Лойиҳа Теҳроннинг манфаатларига жавоб бериши мумкин, лекин АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари ва Исроилнинг сиёсати бу ташаббуснинг тўлиқ амалга ошишини сўроқ остида қолдиради.
— Саудия ташаббус қилаётган Яқин Шарқ давлатларининг ўзаро ҳужум қилмаслик пактига минтақанинг қайси давлатлари қўшилмаслиги мумкин?
Камолиддин Раббимов: АҚШ–Эрон уруши минтақадаги кучлар мувозанати ва сиёсий тизимлар ҳақидаги тасаввурларни жиддий ўзгартирди. Унгача шаклланган қарашларга кўра, Эрон жуда заиф давлат сифатида талқин қилинар эди. Ички ижтимоий норозиликлар кучайгани сабабли ташқи босим бўлса, мамлакат сиёсий тизими “қоғоздан қурилган уй” каби тез қулайди, деган фикр мавжуд эди. Аммо воқеалар бундай сценарий асосида ривожланмади.
Энди Саудия Арабистони шуни англамоқдаки, Эрон минтақада узоқ муддат ва таъсири сақланиб қоладиган асосий омиллардан биридир. Яъни Эрон кўпчилик ўйлагандек мўрт ва беқарор давлат эмаслиги намоён бўлди.
Шу сабабли Риёд янги минтақавий хавфсизлик тизимини шакллантириш зарурлигини илгари сурмоқда. Бу тизим Эронни муҳим геосиёсий омил сифатида ҳисобга олиши, шунингдек, АҚШ ва Исроилга ҳаддан ташқари боғлиқликни камайтиришга қаратилиши кераклиги таъкидланмоқда.
Бу ташаббус маълум маънода совуқ уруш давридаги Ҳелсинки келишувларини эслатади. 1975 йилда имзоланган ушбу келишув Совет Иттифоқи ва Европа давлатлари ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга хизмат қилган эди. Томонлар ўзаро алоқа каналлари, музокара механизмлари ва ишончни мустаҳкамловчи воситаларни яратишга келишиб олган. Асосий мақсад – уруш хавфини камайтириш ва низоларни дипломатик йўл билан бошқариш эди.
Бугунги кунда Саудия Арабистони ҳам шунга ўхшаш моделни таклиф қилмоқда. Риёднинг позициясига кўра, Саудия ҳудудидан Эронга қарши ҳужум уюштирилмаслиги керак, Эрон эса ўз навбатида Саудия Арабистонига таҳдид солмаслиги лозим. Шу асосда ўзаро ҳужум қилмаслик пакти ғояси илгари сурилмоқда. Ҳозирча бу лойиҳа амалий босқичга ўтмаган, аммо минтақадаги мусулмон давлатлари ўртасидаги координацияни кучайтиришга қаратилган сиёсий ташаббус сифатида кўрилмоқда.
Мазкур келишувга Қатар, Баҳрайн ва Уммон каби давлатлар қизиқиш билдириши мумкин. Бироқ Бирлашган Араб Амирликларининг ҳозирча эҳтиёткор позицияда қолаётгани кузатилмоқда. Чунки сўнгги уруш фонида Абу-Даби хавфсизлик масалаларида АҚШ ва Исроил билан ҳамкорликни кучайтиришга мойиллик кўрсатди.
















