Ўзбекистон | 08:54
677
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон “Қамбарота-1” ГЭС қурилишида иштирокини кенгайтирмоқда

Ўзбекистон Марказий Осиёда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида “Қамбарота-1” гидроэлектростанцияси қурилишидаги иштирокини фаоллаштирмоқда. Шунингдек, минтақа давлатлари ўртасида электр энергияси экспорти учун “яшил йўлак” яратиш ташаббуси ҳам илгари сурилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – 2026” халқаро форумида маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Хусусан, йирик минтақавий лойиҳалардан бири саналган “Қамбарота-1” ГЭС қурилишида иштирок этиш ҳамда Марказий Осиё давлатларини боғлайдиган трансминтақавий энергетика йўналишини шакллантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Лойиҳа доирасида Қозоғистон, Озарбойжон ва Саудия Арабистони билан электр энергиясини ташқи бозорларга экспорт қилиш имконини берувчи “яшил йўлак”ни ташкил этиш режалаштирилган.

Вазирнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар нафақат минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлайди, балки қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва янги экспорт имкониятларини яратишга ҳам хизмат қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергетикасини ривожлантириш ва қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни босқичма-босқич қисқартиришни мақсад қилгани қайд этилди.

Мутахассислар баҳосига кўра, 2026–2030 йилларда Марказий Осиё давлатларининг энергетика соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳаларига 10–15 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиниши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид