Европа Иттифоқи миграция масаласида анча эҳтиёткор сиёсат юритмоқда: илк марта Брюсселга таклиф қилинган “Толибон” билан кун тартибидаги асосий масала – афғон қочқинларини ўз юртига қайтариш. Бу – хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар, ўнг партияларнинг таъсири ошиб бораётгани ва иқтисодий қийинчиликлар билан боғланмоқда.
Мавзу юзасидан Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Исломхон Гаффаров ва Умрбек Юсупов шарҳи.
Исломхон Гаффаров:
— Европа мамлакатлари сўнги йилларда миграция сиёсатидан чарчаган. Сўнгги йилларда Араб баҳори, Африкадан доимий миграция, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги урушлар натижасида юзага келган катта оқим Европага жиддий босим бўлди. Афғонистондаги воқеалардан кейин эса бу жараён янада кучайди. Европа Иттифоқи мигрантларни қабул қилишда муайян даражада толиқди. Маълум маънода, Брексит жараёнига ҳам миграция омили таъсир кўрсатди: Буюк Британия мигрантларни қабул қилишни истамади ва бу масалада юкнинг катта қисми Европа Иттифоқи мамлакатларига тушди.
Шу боис Европанинг ҳозирги ёндашуви фақат Афғонистон билан эмас, балки умумий миграция сиёсатига нисбатан ички норозилик билан ҳам боғлиқ. Бу ерда масала айнан афғонларни ажратиб кўрсатишда эмас, балки кенгроқ миграция муаммосидадир.
Бу борада айниқса Германия ва Швеция ҳукуматлари фаолроқ ташаббус кўрсатмоқда. Бу жамиятларда “Нега мигрантларни қабул қилишимиз керак?” деган саволлар тобора кўпроқ янграмоқда.
Иккинчи муҳим масала – хавфсизлик ва терроризм билан боғлиқ хавотирлардир. “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган бўлса-да, мамлакат ҳудудида айрим террорчи ташкилотлар ҳануз фаол. Масалан, “Ал-Қоида”, “ИШИД–Хуросон” бўлими, “Теҳрике Толибон Покистон” ва “Жамоат Ансаруллоҳ” каби гуруҳлар мавжуд. Уларнинг айримлари бошқа давлатларда ҳам терактлар содир этган.
Европа Иттифоқи мамлакатлари ана шундай кучлар мигрантлар оқими ичида яширин кириб келиб, Европада ҳам ҳужумлар уюштириши мумкинлигидан хавотирда. Чунки аввал ҳам тартибсиз эвакуация жараёнларида текширувлар етарли даражада бўлмаган ҳолатлар кузатилган. Масалан, Афғонистондан чиқиб кетиш вақтида айрим шахслар аслида бошқа давлат фуқароси бўлса ҳам, умумий оқим билан Ғарб давлатларига кириб олгани ҳақида мисоллар бор.
Бундан ташқари, иқтисодий ва ижтимоий омиллар ҳам хавф туғдиради. Қийин шароитда яшаётган мигрантлар моддий эҳтиёж туфайли турли ноқонуний ёки хавфли фаолиятларга жалб қилиниши мумкин. Масалан, айрим ҳолларда хорижий разведка хизматлари моддий рағбат эвазига бундай шахсларни ўз мақсадлари йўлида ишлатиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу эса Европанинг хавотирини янада кучайтиради.






