Уруш ва «қасос»
Дунё кўп урушларни кўрди. Уларнинг аксарида кучлилар кучсизларни ўзига бўйсундириш учун босқинчилик қилган. Уруш бошлаш учун турли баҳоналар ўйлаб топган ёки кичик бир ҳодисани сабаб қилиб жангга киришган.
Муғулларнинг Хоразмшоҳ салтанатига ҳужумини эслайлик. Чингизхон ўз элчиларининг Ўтрорда ўлдирилишини баҳона қилиб қўшни давлатга бостириб киради. Тарихчилар мўғул элчилари ўлдирилмаса ҳам, Чингизхон барибир урушга кирарди деб ҳисоблайди. Ёки Биринчи жаҳон уруши. Австрия – Венгрия империяси валиаҳди Франц-Фердинанд Сараевода ўлдирилмаса ҳам, бу уруш содир бўлиши муқаррар эди.
АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга ва 2003 йилда Ироққа бостириб кириши ҳам юқоридагиларга ўхшаш сабаблар билан бошланган. Ню-Йорк терактидан кейин АҚШ «терроризмга қарши кураш» иддаоси билан Афғонистон ва Ироқда уруш бошлайди. Бу учун айтарли асос ҳам келтиришмайди. Лекин «дунёдаги энг қудратли давлат» кимдандир сўраб ўтирармиди...

Қандай бўлганди?
2001 йил 11 сентябр куни АҚШда бир гуруҳ террорчилар тўртта йўловчи самолётини парвоз вақтида эгаллаб олади. Улардан иккитаси Ню-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг икки осмонўпар биносига, бири Пентагонга ва яна бири Вашингтондаги Оқ уй ёки Конгресс биносига урилиши режа қилинади. Иккита самолёт режа бўйича Ню-Йоркдаги эгизак биноларга, бири Пентагон биносига бориб урилади. Тўртинчи самолёт Пенсилваниядаги далага қулайди.
Теракт оқибатида 3000 га яқин одам ҳалок бўлади. Табиийки самолётларни эгаллаб олган 19 террорчи ҳам. Ҳалок бўлганлар орасида АҚШдан ташқари яна 92 давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди. Ҳалок бўлганлардан 1600 нафарининг шахси аниқланади, 1100 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Кейинчалик Ню Йоркдаги эгизак бинолар вайроналари остидан ўн мингдан ортиқ инсон суяклари топилади.
11 сентябр фожиаси АҚШ молия бозорига ҳам жиддий зарар етказади. Қимматли қоғозлар нархи кескин тушиб кетади, Америка компаниялари 1,2 трлн маблағ йўқотади. Теракт мамлакат бюджетига камида 500 млрд доллар зарар етказади.

Афғонистонга бостириб кириш
АҚШ Усома бин Лодин бошчилик террорчилар ҳужумга Афғонистонда тайёргарлик кўрган деб топиб, 2001 йил октябрда Афғонистонга бостириб киради. АҚШнинг иттифоқчилари ҳам ўшанда «Толибон» назоратида бўлган қўшни давлатга армия киритади. Америка армияси пойтахт Кобул ва бошқа йирик шаҳарларни эгаллайди. Толиблар чекка ҳудудларга чекиниб, партизанлик уруши олиб боради. АҚШ Афғонистонда 20 йил урушди, бироқ «Толибон»ни енга олмади. Охирги америкалик аскар кетиши билан толиблар яна давлатни қўлга олиб, аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ ҳукумат ўрнатди.

















