Жиноят кодексининг 230¹-моддаси 2-қисми "а" бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун айбланган Тошпўлатов Лочинбек Комилович Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирилмоқда.
Ушбу шахс Бухоро шаҳар ИИБ хузуридаги тергов бўлими собиқ терговчиси экани маълум. У YouTube саҳифаларидан бирига берган интервьюсида ўзига нисбатан Бухоро вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилгани, шу сабаб 2025 йил 29 декабр куни лавозимидан озод қилингани ҳақида гапирган.
Лочинбек Тошпўлатов ўз интервьюсида Бухоро вилояти прокуратураси 21-бўлими иш юритувида бўлган жиноят ишлари Бухоро шаҳар ИИБ тергов бўлими иш юритувига юборилгани, улар орасида Бобур Раупов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши ҳам бўлгани, айнан ушбу жиноят иши унинг юритувига топширилгани ҳақида гапиради (Б.Раупов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши доирасида Умиджон Нуриллаев ҳам айбланган – таҳр.).
“Ушбу жиноят иши вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Отабек Музаффаров томонидан 3 йил давомида тергов қилиниб, гўёки “жиноят содир этган шахс номаълум”лиги сабаби билан тўхтатиб қўйилган бўлган.
Мен иш бўйича тергов ҳаракатлари ўтказдим. 500га яқин жабрланувчилар аниқланди. Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун Бухоро вилоят прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатовнинг топшириғига асосан айбланувчиларнинг уйларида тинтувлар ўтказилди. Тинтувда олинган ашёларнинг ишга доир эмаслари бўйича ахборот берганимда “қайтариб бермайсан”, ариза ёзса ҳам бизга келади, дегани учун мен бу ашёларни қайтариб бермадим. Чунки ишни прокурор тасдиқлайди, у билан келишилмаган ҳар қандай қарорни бекор қилиш ваколатига эга.
Жиноят ишини тугатиб, судга юбордим. Айбланувчиларга ҳукм билан жазолар тайинланди. Аммо орадан 2 йил ўтгандан сўнг айбланувчилар қариндошлари тинтув давомида олинган тилла тақинчоқлар қайтариб берилмаганини важ қилиб ариза ёзишди. Шундан сўнг менга Бухоро шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатди” дейди Л.Тошпўлатов.
Қидирувдаги терговчи ва Kun.uz






