Маржона Баротова Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган, ҳозир 22 ёшда. Бир фарзанднинг онаси, оилавий ҳаётда келинлик масъулиятини бажараётган, бир вақтнинг ўзида таълим олаётган ва ишлаётган аёл. У Навоий давлат педагогика университетининг сиртқи таълимида ўқиб, мактабда она тили ва адабиёти фанидан дарс беради. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Telegram бўйича эксперт, администратор, копирайтер ва фрилансер сифатида фаолият юритади.

Даромад ҳақидаги ўйлар қачон пайдо бўлди?
«Оилада тўрт фарзандмиз: мен, икки опам ва укам. Шароитимиз яхши бўлган, ота-онам ўқишимни давом эттиришим учун барча имкониятларни яратиб беришган. Шу сабабли авваллари мустақил даромад ҳақида жиддий ўйламаганман.
2021 йилда 170 балл билан сиртқи таълимга кирганман. Агар ўша йили очиқ танловга топширганимда, грантни қўлга киритишим мумкин эди. Аммо тақдир мени шу йўлга бошлади ва бу йил ўқишимни тугатаман.
Даромад топишга қизиқиш 2021 йилдан бошлаб пайдо бўлди. Контракт тўлаш, ўзимни мустақил қилиш ва оиламга ёрдам бериш истаги мени ҳаракатга ундади. Дастлаб она тили ва математика фанларидан тайёрлов дарслари ўтдим, кейин эса Telegram орқали турли фаолиятлар билан шуғулландим. Ушбу жараёнда совғалар, китоблар ва кичик маблағлар орқали илк натижаларни кўрдим. Бу эса менга ишонч бағишлади ва 2021 йилдан буён ижтимоий тармоқларда фаолиятни тўхтатмадим.
2022 йилда турмуш қуриб, фарзандли бўлдим. 2023 йилда қисқа муддатли руҳий қийинчиликлардан кейин янги имкониятлар излаб, Telegram ва фрилансерлик соҳасига чуқурроқ кириб келдим. Бу мен учун ҳам касбий, ҳам шахсий ўсиш босқичи бўлди».

50 минг сўмлик илк даромад ва катта бурилиш
2023 йил ноябрда Маржона онлайн фаолиятни жиддий бошлаган. Илк даромади — 50 минг сўм. Аммо айнан шу пул унга “мен қила оламан” деган ишончни берган.
“Илк даромадимни қўлимга олган кунимни ҳануз унутолмайман. Ўша пайтда ичимда биргина туйғу бор эди: мен эплай олдим. Бу шунчаки пул эмасди, бу — ўзимга бўлган ишончнинг қайта тикланиши эди. Авваллари бу соҳани фақат кузатиб, контактлар қўшиб юрган бўлсам, ўша кундан бошлаб ўзимни бу йўлга чинакам кириб келгандек ҳис қилдим. Энди бу соҳа менга бегона эмас, аксинча, “меники” эканини англадим.
Илк даромадим атиги 50 минг сўм бўлган. Лекин унинг қиймати миқдорида эмас, маъносида эди. Уни турмуш ўртоғимга кўрсатиб: “Мана, онлайн тармоқ орқали ўз даромадимни топдим. Мен уддалай олдим деганман. Орада эса буюртмаларимни турмуш ўртоғимга ҳам оширганман (соҳани бироз билар эдилар) Бошланишида ўзим ҳам эплай олишимга ишонмаган эдим. Аммо ҳаракат ва қатъият натижа берди. Бугун ортга қараб, энг катта ютуғим — бу пул эмас, балки “мен қила оламан” деган ишонч эканини англайман”.















