Ўзбекистоннинг фахри дея кўз-кўз қилинган “Бунёдкор” стадиони ишчилари оғир вазиятга тушиб қолишди. Уларга декабр ойидан бери ойлик берилмаяпти. Бу вақт ичида кимдир ижара тўловлари, яна кимлардир кундалик яшаш харажатлари сабаб катта миқдорда қарзга ботиб қолган. Юзлаб ходимларнинг ойлигини ким ва қачон тўлаб беради?

Йирик спорт мусобақалари марказига айланиши керак бўлган “Бунёдкор” оғир иқтисодий муаммо гирдобига тушиб қолди. Нега тизимда ишлайдиган фаррош, сантехник, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг ойлигига келганда пул тугаб қоляпти. Kun.uzʼга “Бунёдкор стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖнинг бир гуруҳ ишчилари мурожаат қилишди.

Хусусан, стадион қўриқлаш хизмати ходими Азиз Мансуровнинг таъкидлашича, декабр ойидан бери унга бир марта 1 млн сўм, икки марта 500 минг сўм берилган, холос.

“Ойлик сўрасак, йиғилсак, катталар эрта бўлади, индин бўлади, деяпти. Бу ердаги ҳамманинг кредити, бола-чақаси бор. Мисол учун, менинг кредитим бор, уйдан телевизор ва музлаткичларимни олиб кетишди. Кимга мурожаат қилишимиз керак, ҳеч ким билмайди. Берамиз дейишяпти, ҳали дарак йўқ. Декабр ойидан майгача оладиган бўлсак, бир марта 1 млн сўм, икки марта 500 минг сўмдан берди. Ҳамма бўйнигача қарз бўлиб кетди”, дейди мурожаатчи. 

Бошқа бир мурожаатчи Дилфуза Маҳмудова футбол раҳбарияти жаҳон чемпионатига кетиб қолса, ойликлар яна ойлаб кечикиши мумкинлигидан хавотирланяпти.

“Тўй қилаётганлар бор, аъзали хонадонлар бор, эри ҳам, хотини ҳам шу ерда ишлайдиган ёш болали оилалар бор. Одамлар қийин аҳволда қолган. Шунга бизга ёрдам беришингизни сўраб қоламиз. Америкадаги чемпионатга бошлиқларимиз кетиб қолишса, биз нима қиламиз?. Ҳамманиям тирикчилиги, томоғи бор. Томоқни ёпиб қўйиб бўлмайди, барибир. Газ бор, сув бор, свет бор, ҳамманинг тўловлари бор. Менда битта, лекин иккита-учта боласини контрактда ўқитаётганлар бор”, дейди Дилфуза Маҳмудова.

Қўриқлаш хизмати ходими Абдуваҳоб Аллабергановга кўра, футболчилар ва академия ходимларига ойликлар берилган, аммо дирекция ходимлари маошини ололмаяпти.

“Шу ерда турганларнинг ҳаммаси ойликка яшайди, бошқа бир бизнесимиз йўқ. Ўзим оиламда 10 киши бўлиб тураман. Тўловлар бор, бошқалар бор. Ойлик олмаган билан, ишлатгансан, газ, сув, светнинг пулини тўла деб қўймаяпти. Уйдан у-бу нарсаларни сотиб тўлашга ҳам тўғри келди. Бу ерда йиғилишдан мақсад, раҳбариятни ёмонлаш эмас. Ким бермаяпти, унисини билмадик. Футболчилар олишди, академия олди. Бу ерда турган қора ишчилар: сантехник, қоровул, электрикларники қолиб кетди. Ўзи 4 млн сўмга ишлаймиз”, дейди у.