Доналд Трамп Эронда уруш тугагани ҳақида анча аввал айтганди. Кейин томонлар музокарага жуда яқин, кутиб туринг, икки ҳафтагина қолди ва биз ғалаба эълон қиламиз, деди. Лекин куни кеча Трамп «ҳарбий қудрати тўлиқ йўқ қилингани»ни айтган Эрон армияси Ҳўрмуз бўғози узра учаётган Американинг машҳур Apache вертолётини уриб туширди.

Эрон олдин Америка самолётини ҳам уриб туширган, лекин Apache қулаши жиддий воқеа бўлди. Чунки вертолёт пастлаб учади, уни душман осмонида патрулга чиқарган давлат учоққа ҳеч ким хавф солмаслигига ишонади, жанг майдонида ғалабаси тайин бўлган деб билади.

Америка армиясининг бу афсонавий вертолётини аввал ҳам уриб туширишган, айнан Яқин Шарқда, Ироқ уруши давомида. Эронликлар Apacheʼни ургач, Америка яна Эронга зарбалар ёғдирди, музокаралар тўхтаб қолди. Америка ва Исроил бошлаган мантиқсиз уруш Қўшма Штатларда жаҳон чемпионати бошланган вақтда ҳам давом этадиган бўлди.

Карбалода ҳам уришганди

Apache жуда машҳур учоқ, ҳарбий вертолётлар орасида энг машҳури деса ҳам бўлади. Американинг бу афсонавий учоғи кўп марта Яқин Шарққа «кўмилган». Ироқдаги урушда америкаликлар бир нечта Apache йўқотган. Ироқликлар уни танкка қарши қурол ёки оддий пулемёт билан уриб туширган. Шунингдек, чўл шароитида қийинчиликка учраган вертолётлар қулаб тушган ҳолатлар ҳам бўлган.

2003 йил босқинчилар Карбалони эгаллаш учун вертолётлар билан штурм қилганда жиддий ҳужумга учрайди. Ҳужумда қатнашган 31 вертолётнинг барчаси зарар кўради, битта Apache уриб туширилади. Уриб туширилган учоқ ва асир олинган учувчиларни телевизорда кўрсатишади. Кейинчалик америкаликлар вертолётни ҳаво зарбаси билан йўқ қилади, лекин шармандалик учун ўша воқеаларнинг ўзи кифоя эди. Кейинчалик яманлик ҳусийчилар ҳам Саудия армиясига тегишли Apacheʼни уриб туширганини хабар қилганди. Айнан Карбалодаги ҳолат бу машҳур вертолёт билан содир бўлган энг эсда қоларли воқеа бўлганди.

Мана, энди Эронда Apache уриб туширилиши навбатдаги эскалацияга сабаб бўлмоқда. Айтганча, топинг-чи, эронликлар уни нима билан уриб туширишди? Эсингизда бўлса, Ироқда Apacheʼни маҳаллий деҳқон отасидан қолган эски қурол билан уриб туширибди, деган уйдирма тарқалганди. Ҳозирги интернет асрида бунақа гап тарқатиш имконсиз. Ҳа, тўғри топдингиз, Apache эронликлар томонидан дрон билан уриб туширилган. 2026 йилда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас ахир. Украина замонавий уруш қоидаларини буткул ўзгартириб юборди, энди қиммат ракеталар, танклар, темир-терсак даври ўтди. Мана, Apache деганларини ҳам арзон-гаров дрон билан уриб туширишди.