Навоий шаҳрига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Навоий вилояти ҳокимининг 2026 йил 13 октябрдаги тегишли қарорига асосан Исломов Бобир Ҳуснидинович Навоий шаҳар ҳокими этиб тайинланган.
Тайинловга қадар у “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг электр тармоқларидан фойдаланиш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Бобир Исломов 1981 йилда Навбаҳор туманида туғилган. У 2003 йилда Навоий давлат кончилик институтини, 2005 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2012 йилда эса Олий бизнес мактабини тамомлаган.
Навоий шаҳрига 2023 йил июл ойидан буён Дилмурод Эргашев раҳбарлик қилиб келаётганди. Унинг лавозимдан олиниш сабаби келтирилмаган.
Президент 21 июл куни йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бош вазирга 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди. Рўйхатда Навоий шаҳри ҳокими ҳам бор эди.















