23 июн куни “Андижон полкаси” Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди: вилоят марказий стадионида 20 минг одам бир вақтда рақсга тушди.
Рақсга тушганлар орасида Асака туманидаги 14-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 15 ёшли Фаррух Неъматов ҳам бор эди.
У ўша куни тадбирдан қайтишда ўзи ўқийдиган мактаб директори бошқарувидаги Damas'да автоҳалокатга учраб, шифохонада вафот этди.
Тафсилотлар – Kun.uz мухбири репортажида.
Суриштирувдан маълум бўлишича, “Андижон полкаси”ни Гиннес рекордлар китобига кириши учун стадионда катта тадбир уюштирилган ва бунга мактаб ўқувчилари жалб қилинган. 23 июн куни бошқа мактаблар қатори Асака туманидаги 14-мактабнинг ўқувчилари ҳам тадбирда қатнашган.
Ўша куни ЙТҲ оқибатида вафот этган 8-синф ўқувчиси Неъматов Фаррух ҳам махсус автобусларда стадионга борган. Тадбир тугагач у 5 нафар синфдошлари билан мактаб директорининг “Damas” автомашинасига ўтириб уйга қайтаётган бўлган.
Мактаб ўқувчилари минган машина асосий йўлдан келиб чапга қайрилмоқчи бўлган пайтда қарама қарши томондан келаётган “ЗИЛ” юк машинаси “Damas”нинг орқасига келиб урилган. Оқибатда “Damas” ағдарилиб кетган.

“Соғлом ўғлимни ўлдириб беришди”...
“Бир кун аввал ўғлимнинг синф раҳбари телефон қилиб эртага “Андижон полкаси” тадбирига Фаррухни жўнатинг илтимос деб қайта-қайта тайинлади. Хўп дедим. 15 ёшга кириб пул топадиган бўлиб қолганди ўғлим. Чиройли қилиб кийинтириб мактабига жўнатдик. Чорсиларни белига тугиб хурсанд бўлиб дўсти билан уйдан чиқиб кетди.
Бир пайт қўшним югуриб кирди. Дурдонахон, болаларимиз “аварияга” учрабди, қолган болалар яхши экан, битта сизнинг болангизни боши ёрилибди, тикишяпти экан деди. Вилоят шифохонасига қараб кетдик. Фаррухбек беш-олти соатда чиқди операциядан. Амалиёт жуда узоқ чўзилди.

Ўқитувчиларнинг ўзи қон берди ўғлимга. Ички аъзолари мажақланиб кетган экан. Ўзига келмади ўша куни кечаси билан ҳам. Эртаси куни 24 июнда жони узилди-да боламни. Фаррухбек ўғлим катта фарзандим эди. Уйдан соппа-соғ чиқиб кетган эди.











