Воронеж вилояти Новоусманский тумани Александровка қишлоғида жойлашган Wildberries логистика мажмуасида 11 август, сешанбага ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлди.

OSINT-таҳлилчилар маълумотига кўра, ёнғин дронлар ҳужумидан кейин бошланган. ASTRA Telegram-канали объект ҳужумга учраганини ёзган, маҳаллий аҳоли эса портлаш овозларини эшитганини билдирган.

Мазкур логистика маркази 2025 йил ноябридагина тўлиқ ишга туширилган. Воронеж вилояти Инвестицияларни жалб қилиш агентлиги маълумотига кўра, мажмуа майдони 152,9 минг квадрат метрни ташкил этади. Унинг омборларида 90 миллиондан ортиқ товар позициясини сақлаш имконияти бўлган.

ASTRA маълумотига кўра, Wildberries ва Russ бирлашган компанияси — РВБ мазкур логистика маркази қурилишига қарийб 11 миллиард рубл сармоя киритган.

Wildberries&Russ матбуот хизмати Воронеж вилоятидаги компания логистика объектларида одамлар хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинганини маълум қилди.

Ҳужум вақтида Воронеж шаҳрида дроннинг бевосита зарба бериш хавфи муносабати билан огоҳлантириш эълон қилинган.

Бир киши ҳалок бўлди

Кейинроқ Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев дронлар ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Новоусманский туманида дрон парчалари қулаб тушиши оқибатида кўчада бўлган 49 ёшли эркак оғир жароҳатланган. У шифохонага етказилган, аммо кейинчалик вафот этган.

Яна икки киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Улардан бири ҳужум вақтида кўчада, иккинчиси эса йирик логистика маркази ҳудудида бўлган.

Гусев «йирик компаниянинг икки омбори»да ёнғин чиққанини ҳам тасдиқлаган. Унинг маълум қилишича, биринчи объектда ёнғин 16 минг квадрат метр майдонда локаллаштирилган. Иккинчи омборда эса 20 минг квадрат метр майдонда ёнғинни ўчириш ишлари давом этган.

Wildberries омборларига аввал ҳам зарбалар берилган

Манбада қайд этилишича, Wildberries логистика марказлари 18 июлдан буён Украина дронлари ҳужумларига мунтазам равишда учраб келмоқда.

Reuters агентлигининг сунъий йўлдош тасвирлари асосидаги таҳлилига кўра, маркетплейс омбор қувватларининг тахминан 20 фоизини йўқотган бўлиши мумкин.